Бухоро вилоятида мебелсозлик тармоғига илғор илмий-техника ва инновацион ечимларни жорий этиш орқали ишлаб чиқарилаётган мебель маҳсулотлари рақобатбардошлигини ошириш, турларини кўпайтириш ҳамда ички ва ташқи бозорларда маҳсулот ҳажмини кенгайтириш устувор йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Натижада ўтган йили вилоят мебелсозлари илк бор хорижий бозорга қарийб 1 миллион долларлик мебель маҳсулотини “Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган” ёрлиғи остида экспорт қилишга эришди. Жорий йилда ушбу йўналишдаги ишлар янада жонлантирилиши режалаштирган.
Бир вақтлар Италия, Германия ва бошқа Европа давлатларида ишлаб чиқарилган қаттиқ ва юмшоқ мебелларга сифати туфайли талаб юқори бўлган, нархи эса иккинчи даражали масала эди. Ҳозир эса бухоролик мебель усталари тадбиркорлик субъектларига яратилган имкониятлар натижасида ушбу маррани уддалай олишини амалда исботлаб бермоқда.
Аҳолини арзон ва сифатли мебель билан таъминлаш ишлари вилоятда тизимли равишда йўлга қўйилган.
Маълумотларга кўра, 2025 йилда Бухоро вилоятида фаолият юритаётган 188 та мебелсозлик корхонаси томонидан умумий қиймати 508,9 миллиард сўмлик мебель маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Ҳозир ушбу корхоналарда 700 нафарга яқин аҳоли доимий иш билан банд.
Инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 1,5 миллион долларлик 8 та лойиҳа, маҳаллийлаштириш дастури асосида эса 9 та лойиҳа амалга оширилган. Бу лойиҳалар натижасида 44,5 миллиард сўмлик мебель маҳсулотлари ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилган. Эътиборли жиҳати, тарихда илк бор экспорт ҳажми ҳам қарийб 1 миллион долларга яқинлашди.
–Мазкур соҳада ёш кадрларни иш билан таъминлаш, профессионал ишлаб чиқарувчилар билан ёшлар ўртасида алоқаларни йўлга қўйиш ва тажриба алмашиш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда, –дейди Бухоро вилоят ҳокимлиги котибият мудири Бобир Асадов. –Биргина маҳаллийлаштириш дастури асосида 44,5 миллиард сўмлик импорт ўрнини босувчи замонавий, юмшоқ мебеллар ва уларнинг эҳтиёт қисмлари ишлаб чиқарилмоқда. Аввало, четдан кириб келаётган мебель маҳсулотларини камайтириш ва маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан маҳсулотлар хилма-хиллигини таъминлаш мақсад қилинган. Бунинг натижасида импортни оптималлаштиришга эришилади.
Бугунга қадар Бухоро шаҳри ҳамда Жондор, Ғиждувон ва Ромитан туманларида алоҳида саноат зоналари ташкил этилган эди. Энди Бухоро тумани тадбиркорлари ҳам аста-секин замонавий ишлаб чиқариш корхоналарига асос солишмоқда.
[gallery-27708]
–Президентимиз тадбиркорларга кенг имкониятлар яратиб бермоқда, –дейди мебелсозлик корхонаси раҳбари Шаҳзод Нутфуллаев. –Авваллари корхонамиз уйда фаолият юритган. Хориж давлатларидан замонавий технологияларни олиб келдик. Маҳсулотларимизга талаб юқори. Ҳозир 15 нафар ишчимиз бор, келгусида корхонани кенгайтириб, 30-40 кишини иш билан таъминлашни режалаштиряпмиз.
Бухоро туманидаги Работиқалмоқ маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият бошлаган янги ишлаб чиқариш қувватлари бугунга келиб 500 нафарга яқин аҳолини доимий иш билан таъминлаш учун асос бўлди. Ҳозир 20 ва ундан ортиқ иш ўрни яратган тадбиркорлик субъектларида устоз-шогирд анъаналарини жорий этиш орқали бандлик кўрсаткичини янада ошириш режалаштирилган.
–Хитой ва Германиядан янги технологияларни олиб келиб, саноатни ривожлантиришни режалаштирдик, –дейди Бухоро туманидаги “Работиқалмоқ” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Феруз Жабборов. –Ўтган йили 20 нафар фуқаромизга имтиёзли кредитлар ажратиб, тадбиркорликни кенгайтирдик ва мебель ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантирдик.
Тумандаги Деҳча маҳалласида 118 та хонадон мебель жиҳозлари ишлаб чиқариш ва таъмирлаш билан шуғулланади. Ушбу йўналишни ривожлантириш мақсадида 30 та хонадоннинг мебель ишлаб чиқаришини кенгайтириш ва саноат даражасига кўтариш имкониятлари инобатга олинди.
Президент қарори асосида 6,2 гектар майдонда “Кичик саноат зона” ташкил этилди. Ҳозир ушбу зонада 16 та тадбиркорлик субъекти ўз маҳсулотларини сифатли ишлаб чиқариб, хорижий бозорларга экспорт қилиш билан шуғулланмоқда.
–Президентимизга раҳмат, биз учун саноат зонаси яратилди, –дейди корхона иш бошқарувчиси Нодир Шаропов. –20 сотих ер ажратилди, қурилиш ишлари амалга оширилди. Ҳозир 30 нафар ишчимиз бор. Хориждан дастгоҳлар олиб келдик ва ўрнатдик. Эътиборимиз экспорт ва янги иш ўринлари яратишга қаратилган.
Вилоятда мебелсозлик саноатини янада ривожлантириш мақсадида ҳудудий инвестиция ва маҳаллийлаштириш дастурлари доирасида 2026 йилда умумий қиймати 25 миллиард сўмлик 8 та лойиҳани ишга тушириш, 100 га яқин янги иш ўрни яратиш, йиллик 7,5 миллиард сўмлик янги ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этиш режалаштирилган.
Бу билан ўтган йилга нисбатан саноат ўсиш суръати 105,2 фоизга етказилиши кўзда тутилган.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),
ЎзА мухбирлари