Ижтимоий тармоқлар оммалашган сари, улар орқали содир этилаётган фирибгарлик ҳолатлари ҳам ортиб бормоқда. Бухорода рўй берган навбатдаги ҳолат эса, оддий онлайн харид қанчалик жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор кўрсатади.
Жорий йилнинг август ойида бир фуқаро Instagram орқали янги телефон харид қилишни мақсад қилган. Электрон дўкон кўринишидаги саҳифа — сифатли суратлар, мақбул нарх ва ўзини ишончли қилиб таништирадиган “сотувчи”… ҳар бир кўринган нарса харидорга оддий ва ишонарлидек туюлган.
Мулоқот давомида “сотувчи” харидорни тез қарор қабул қилишга ундаб, телефоннинг ҳолати аъло экани ва қисқа фурсатда етказиб берилишини таъкидлайди. Жабрланувчи, ишoнган ҳолда, қарийб 16 миллион сўм маблағини унга тўлаб қўяди.
Бироқ ваъда қилинган телефон эса келмайди. “Сотувчи” эса харидор билан барча алоқани узиб, ғойиб бўлади.
Жабрланувчи мурожаатидан сўнг, Бухоро вилояти ИИБнинг Ахборот технологиялари соҳасидаги жиноятларга қарши курашиш бўлинмаси томонидан олиб борилган тезкор-техник ҳаракатлар натижасида фирибгарлик излари аниқланган.
IP-манзилларни таҳлил қилиш, пул ўтказмалари ҳаракатини ўрганиш ва бошқа эксперт тадбирлар орқали жиноятчининг шахсига етиб борилган.
Маълум бўлишича, мазкур ҳаракталарни 2008 йилда туғилган, Наманган шаҳрида истиқомат қилувчи, ҳали вояга етмаган мактаб ўқувчиси содир этган. У интернет орқали тез даромад топиш мақсадида, бошқаларнинг ишончи ва ҳушёрлигидан фойдаланиб, фуқароларнинг пулларини шахсий эҳтиёжларига йўналтирган.
Айни пайтда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, гумонланувчининг бошқа жиноятларга алоқадорлиги борасида ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/Kx713Mg9VbU" title="Buxoroda maktab o‘quvchisi fuqaroni onlayn savdo orqali 16 mln so‘mga chuv tushirdi" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>М.Эшмирзаева, ЎзА