Бухоро вилояти Жондор тумани ҳокимлиги ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Маҳалла еттилиги боғи”ни барпо этишга киришилди. Бу эзгу ташаббус ҳудудни янада ободонлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли орасида “яшил маданият”ни ривожлантиришга қаратилган.
Ҳозирда икки гектар майдонга эга боғ ҳудудида икки минг тупдан ортиқ мевали кўчатлар ўтқазилди. Экилган кўчатлар келгусида нафақат атроф-муҳитни кўркамлаштиради, яшиллаштиради, балки маҳалла аҳолиси учун файз ва барака манбаига айланади.

Мазкур кўчат ўтқазиш, боғ яратишдек хайрли ишда туман ҳокимлиги, ҳудуддаги корхона-ташкилотлар раҳбарлари, “маҳалла еттилиги” аъзолари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди. Тадбир жараёнида ҳамжиҳатлик, бир мақсад сари интилиш ва табиатга бўлган масъулият туйғуси яққол намоён бўлди.
“Маҳалла еттилиги боғи” келгусида “Демун” маҳалла фуқаролар йиғинининг кўркам ва файзли масканларидан бирига айланиб, аҳолининг эмин-эркин ҳордиқ чиқариши, ёш авлодда табиатга меҳр туйғусини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.