Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода маданий мерос объектлари реставрация маркази иш бошлади
15:36 / 2022-02-15

Бухоро вилоятидаги 829 та моддий маданий мерос объектлари давлат муҳофазасига олинган.

Улар таркибида 287 та археология ёдгорликлари, 31 та мадраса, 105 та масжид, 14 та мақбара, 133 та архитектура ансамбллари (таркиби билан), 15 та карвонсаройлар, 4 та тим ва тоқлар, 18 та диққатга сазовор жойлар, 122 та қадимий уй-жойлар, 83 та архитектура ёдгорликлари, 17 та монументал ёдгорликлар қайд этилган. 2019 йилгача вилоятдаги маданий мерос объектларининг бор-йўғи 10 фоизида кадастр ҳужжати бўлган холос.  

Кадастр ҳужжати бўлмаган маданий мерос объекти эса ўз-ўзидан эгасиз ва ҳимоясиз ҳолда қолган. Бу масалада вилоят ҳокимлиги аралашуви ва саъй-ҳаракатлари билан республикадан Ишчи гуруҳлар жалб қилинган ҳолда мамлакат миқёсида биринчи бўлиб 829 та маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжатлари тўлиқ расмийлаштирилди. Маданий мерос объектларининг давлат кадастрлари ягона электрон тизими (ДКЯТ)га жойлаштирилди.  

Президентимизнинг тегишли қарори асосида Туризм ва спорт вазирлиги ҳузурида Маданий мерос агентлиги, Маданий мерос объектлари реставрацияси дирекцияси, 7 та ҳудудда, хусусан Бухорода ҳам Маданий мерос объектлари реставрация маркази ташкил этилди. Натижада республикада биринчи бўлиб Бухоро реставрация маркази ташкил этилди. Унга Саъдулла Ходжаев раҳбар этиб тайинланди. Ҳозирда марказга малакали усталарни жалб қилиш, ишга олиш ишлари бошланган. Эндиликда маданий мерос объектларида реставрация ва таъмирлаш ишлари туризм ва спорт вазирлиги буюртмаси асосида тўғридан-тўғри шу дирекция ва ҳудудий марказлар томонидан амалга оширилиши белгиланди. Маданий мерос объектларини сақлаш ва уларни келажак авлодга бутлигича етказиш учун барчамиз бирдек масъулмиз. Нотўғри ва малакасиз ҳолда, шошма-шошарлик билан реставрация ва таъмирлаш орқали уларнинг умумбашарий қийматига таъсир этишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.  
Шунинг учун Президентимиз топшириғи билан Вазирлар Маҳкамаси томонидан маданий мерос реставрацияси ва таъмирлаш масалаларида хориж (Эрон, Туркия, Хитой ва Европа давлатлари)дан экспертлар жалб қилинмоқда. Айрим ҳолларда йўқолиб кетиши эҳтимоли юқори бўлган маданий мерос объектларида реставрация ёки таъмирлаш ишлари эмас, балки уларни консервация ёки археологик парк сифатида муҳофазалаш белгиланди. Бундан кейин маданий меросни сақлаш, реставрация қилиш ва таъмирлаш ишларида уларга зиён етказиш қаттиқ назоратда бўлади. Бу борада Вазирлар Маҳкамасида махсус инспекция, Бош прокуратурада алоҳида бошқарма ва вилоят прокуратураларида бўлим ташкил этилди. Шунингдек, бу масалада Олий Мажлис Сенати томонидан ҳам иш кўрилиб, жиноят кодексига ҳам ўзгартириш киритилган. Айбдорларга нисбатан 5 йилдан 7 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлаш белгиланди.  


Зариф Комилов, ЎзА