Бухоро вилояти Пешку тумани ўтган йилларда пилла етиштиришда вилоятда биринчилар қаторида қимматбаҳо хомашё хирмонини бунёд этиб, довруқ таратган. Пилла етиштиришга бўлган қизиқиш, қолаверса, аҳоли сони ортиб бораётгани боис айни кунда туманда “кумуш тола” маҳсулдорлиги ошмоқда.
Бундан тўрт йил аввал, туманда 2 минг 660 қути ипак қурти уруғи боқилиб, буюртмачи сифатида “Bukhara Brilliant Silk” қўшма корхонаси томонидан оилавий звенолар ва касаначилардан 155 тонна пилла маҳсулоти қайта ишлашга қабул қилинган. Шундан 60 тонна пилла фермер хўжаликлари ва улардаги оилавий звенолар, 90 тоннаси эса касаначилар ҳиссасига тўғри келган.

Жорий йилга келиб чекка туман биолабораторияларида 3 минг 314 қути ипак қурти жонлантирилиб, пиллакорларга тарқатилган. Ҳудудда 180 та фермер хўжалиги ва жами 1265 та оилавий звено ҳамда касаначилар кучи билан саноат учун қимматбаҳо хомашё саналган пилладан кўзланган хирмонни барпо қилишга астойдил киришилган.

Шу кунларда чекка туманда қабул маскани гавжумлашиб, дастлабки пилла ҳосили тарозига тушмоқда. Бу борада “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини пиллакорлари ҳам жонбозлик кўрсатмоқда. Маҳалланинг Обод турмуш қишлоғида яшовчи касаначи Муҳаббат Эгамова оиласи бу йилги мавсумда 5 қути ипак қурти парваришлади. Эндиликда улар режадаги 300 килограммдан камида 50 килограмм ошириб пилла топширишни мақсад қилган.
Туман ҳокими Ҳ.Давлатов бошчилигидаги масъуллар буюртмачи субъект, масъулияти чекланган жамият шаклидаги “SILK LILY” корхонаси пилла қабул масканида бўлди. Бунда биринчилардан бўлиб “кумуш тола” хирмонига ҳисса қўшаётган миришкор пиллакорлар билан суҳбат қурди.
Пешқадам пиллакорларга эсдалик совғалари берилди. Режадагидан орттириб ҳосил топширганларга пул мукофот тарози бошида тарқатилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.