Тадбиркорларга амалий ёрдам беришни тизимли ташкиллаштириш мақсадида Бухоро шаҳар давлат хизматлари маркази биносида корхоналарни соғломлаштириш ва хусусийлаштириш клиникаси очилди.
Клиника давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан бошқарилади.
Унинг фаолиятида Савдо-саноат палатаси, Бош вазир қабулхонаси, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг ҳудудий бошқармалари ва ҳокимлик вакиллари доимий иштирок этади. Бундан ташқари, сўровга асосан бошқа вазирлик ва идоралар, тижорат банклари ходимлари ҳам жалб этилиши мумкин.
Клиникада доимий равишда ишловчи (0 365) 221-21-45 рақамли “Ишонч телефони” жорий этилгани ҳам тадбиркорлар учун яна бир қулайлик. Бу рақамга барча манфаатдор шахслар қўнғироқ қилиб, ўзларини қизиқтирган саволларига жавоб олиши мумкин. Давлатимиз раҳбарининг бу борада “Хусусийлаштириш – қўшимча қиймат ва ишчи жойлар яратадиган муҳим масала. Ҳар бир объектнинг эгасини топиб, ишни йўлга қўйиб юбориш керак. Бу эса тадбиркорга имконият, маҳаллий бюджетга эса тушумдир” деган тамойилларидан келиб чиққан ҳолда клиникада иқтисодий-молиявий ва юридик маслаҳатлар бериш, информацион хизматлар кўрсатиш учун барча шароит яратилган. Малакали мутахассислар бириктирилиб, инфокиосклар ўрнатилган. Бу ерда хусусийлаштиришга қўйилган объектлар, уларнинг манзили, ҳолати, соҳадаги тартиб-қоидалар ҳақида батафсил маълумот олиш мумкин. Ҳамма хизматлар бепул. Қолаверса, клиника биносида вилоятдаги йирик корхоналар ва тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг кўргазмасини мунтазам ташкил этиш белгиланган. Бунда мажлислар зали, музокара хоналари, экспортчилар уюшмаси ва ўқув марказлари жойлаштирилган.
Дастлабки кундан клиникага тадбиркорлардан саволлар келиб тушмоқда. Клиника нима мақсадда очилган ва унинг асосий вазифаси нималардан иборат, савдоларда ва ижарага бериш мақсадида аукционда қанақа объектлар мавжуд ёки давлат мулкини хусусийлаштириш ҳамда ижарага олишда қандай шарт ва талаблар қўйилади каби саволларга мутасадди ташкилотлар ходимлари томонидан жавоблар берилмоқда.
Вилоятда жами 125 та давлат иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 27 октябрдаги “Давлат иштирокидаги корхоналарни ислоҳ қилишни жадаллаштириш ҳамда давлат активларини хусусийлаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони талабидан келиб чиқиб, Давлат активларини бошқариш агентлиги ва унинг ҳудудий органлари томонидан ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида 29 та давлат объекти хусусийлаштирилиши таъминланади. Фармон талабидан келиб чиққан ҳолда, айни пайтда хусусийлаштириладиган объектларда трансформация, корпоратив бошқарув ва молиявий аудитни жорий этиш орқали фаолиятни ривожлантириш, мулк объектларини хусусийлаштириш, бу борада 945 та корхона ва кўчмас мулк объектини оммавий савдоларга чиқариш, шунингдек, вилоятдаги 507 та бозор ва савдо комплексларида бошқарув тизимини такомиллаштириш ва уларни босқичма-босқич хусусийлаштириш, жараёнда шаффофлик ва ташвиқот-тарғиботни кучайтириш, бунда оммавий ахборот воситалари кучидан унумли фойдаланиш, қолаверса, назорат тизими орқали умумий фаолиятни доимий ўрганиб бориш каби 6 та муҳим йўналишларда зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Мулк объектини хусусийлаштириш жараёнлари юқоридаги фармон билангина чекланиб қолмайди. Унда инвесторлар ва тадбиркорлар учун берилган имкониятлар ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш корхоналарини ривожлантириш учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Келгусида аниқланадиган объектлар учун ҳам тадбиқ этилади.
Жорий қилинаётган аниқ тартиб-қоида ва механизмлар орқали биринчи навбатда давлат объектларининг тезкорлик билан сотилиши, пировард натижада иқтисодиётда давлат иштирокининг камайиши, хусусий секторнинг ривожланиши, янги ишчи ўринларининг пайдо бўлиши ҳамда рақобатбардош маҳсулотларнинг ишлаб чиқарилишини таъминлашга эришилиши жуда муҳимдир.
Зариф КОМИЛОВ, ЎзА