Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода IV Устозлар миллий форуми бўлиб ўтди
16:38 / 2025-08-14

Мактабгача ва мактаб таълими тизимида таълим-тарбия сифатини янги босқичга олиб чиқиш юзасидан устувор йўналишларни белгилаб олиш, халқаро талаблар асосида ишлаб чиқилган ўқув режа, дастур ва ўқув-методик мажмуаларни самарали жорий қилиш мақсадида Устозлар миллий форуми ташкил этилиши анъанага айланган.

Бухоро вилоятида ҳам “Маҳоратли ўқитувчи – миллат таянчи” шиори остида Устозлар миллий форумига старт берилди. 

Форумнинг ялпи йиғилишида вилоят ҳокимлиги ҳамда секторлар вакиллари, олий таълим муассасалари раҳбарлари, ҳамкор ташкилотлар ва 300 нафардан ортиқ педагоглар иштирок этди.

Тадбир аввалида вилоят мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев тугалланган 2024-2025 ўқув йилида амалга оширилган ишлар, эришилган натижалар хусусида батафсил тўхталиб ўтди.

Сўнгги йилларда юртимизда ёшларнинг сифатли таълим олиши, касб-ҳунар эгаллаши, уларнинг жамиятда ўз ўрнини топиши давлат сиёсатининг энг устувор вазифаларидан бирига айланди. Айниқса, мактабгача ва мактаб таълимини ривожлантириш умумхалқ ҳаракатига айланиб, бу борада туб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада олиб борилаётган изчил ислоҳотлар натижасида 2024-2025 ўқув йилида вилоят мактабгача таълим тизимида ҳам самарали ишлар амалга оширилди. 

Айни пайтда вилоятидаги 2 173 та мактабгача таълим ташкилотларига 143 649 нафар, яъни 88.1 фоиз 3-7 ёшли болалар қамраб олинган бўлиб, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 5,4 фоизга ўсди.

[gallery-24762]

Ўқув йили давомида 6 та давлат ва 17 та нодавлат мактабгача таълим ташкилоти ишга тушди. 148 та умумий ўрта таълим мактабларида 255 та бепул мажбурий бир йиллик тайёрлов гуруҳлари очилди ва 5 954 нафар бола жалб этилди. 1-синфга қабул қилинган деярли 40 минг 6 ёшли бола мактабгача таълим билан қамраб олинди.

Шунингдек, 2025 йилда 11 та давлат ташкилотида 44,7 миллиард  сўмлик реконструкция ишлари амалга оширилиб, қўшимча 1 320 ўрин яратилди. Ғиждувон, Вобкент ва Жондорда “Илк ривожланиш марказлари” фаолияти йўлга қўйилиб, яна 720 ўрин яратилди. 7 та “Ақлвой” мобил мактабгача таълим автобуси орқали 9 та маҳаллада 427 нафар бола қамраб олинди.

Айни пайтда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 25 та ташкилотда олиб борилаётган қурилиш ва таъмирлаш ишларига 57,7 миллиард сўм йўналтирилди. Ушбу кенг кўламли ишлар натижасида йил якунига қадар 148 340 нафар бола қамраб олиниб, кўрсаткич 91 фоизга етказилиши режалаштирилган.

Таълим сифати, аввало, педагог кадрларнинг салоҳияти ва касбий маҳоратига боғлиқ. Сўнгги йилларда ўқитувчилар билими ва маҳоратини ошириш бўйича амалга оширилган изчил чора-тадбирлар самара бера бошлади. Сўнгги бир йил ичида малака тоифасига эга ўқитувчилар сони — 20 мингдан 24 мингга, Олий ва биринчи тоифали ўқитувчилар улуши — 36 фоиздан 45 фоизга ошди.

2025 йил 1-ярим йиллиги аттестация натижаларига кўра, вилоят 60,3 фоиз кўрсаткич билан республикада 2-ўринни эгаллади.

Педагоглар малакаси ва методик салоҳиятини ошириш мақсадида 8 946 нафар ўқитувчи вилоят Педагогик маҳорат марказида малака оширди. “Менежерлик курслари”да 72 нафар мактаб директори тайёргарликдан ўтди.   Методик хизмат бўлими томонидан  48 та семинар, 125 та онлайн ўқув, 148 та офлайн ўқув ташкил этилди. 

Оммалаштириш платформаси орқали 1 120 нафар ўқитувчининг иш тажрибаси туман (шаҳар) миқёсида, 274 нафари - вилоят миқёсида, 29 нафари— республика миқёсида оммалаштирилди. Бу натижалар — яратилган шарт-шароитлар ва тизимли ишлар самарасидир.

Якунланган ўқув йили давомида 37 нафар ўқувчи-ёшларимиз республика ва халқаро фан олимпиадаларида ғолибликни қўлга киритди. Жумладан, республика фан олимпиадаларида 8 та совринли ўрин (3 та 1-ўрин, 3 та 2-ўрин, 2 та 3-ўрин) қайд этилган бўлса, халқаро фан олимпиадаларида 29 та (2 та олтин, 17 та кумуш, 10 та бронза) медаллар қўлга киритилди.

Шунингдек, “Иқтидор” мактаб ансамбли танловида Ғиждувон туманидаги 46-мактабнинг “Ёш ҳаваскорлар” жамоаси 1-ўринни, “Турон” мактаб театри” танлови бўйича Когон шаҳридаги 3-мактабнинг “Элегант” жамоаси 3-ўринни эгаллади. Бундан ташқари, “Ёш қутқарувчи” мусобақаси бўйича Бухоро шаҳридаги 19-мактаб жамоаси 1-ўринни эгаллаб, хориж сафарида бўлиш имкониятини қўлга киритди.

Бухоро вилояти умумтаълим тизимида илғор халқаро тажрибаларни жорий этиш ва замонавий методикалардан фойдаланиш йўналишида изчил ишлар амалга оширилмоқда.

Сўнгги 5 йил ичида тизимга  27 нафар (Япония, Россия, АҚШ) хорижлик мутахассис жалб этилган бўлса, биргина 2024–2025 ўқув йилида бу кўрсаткич 11 нафарни ташкил этди. 2025–2026 ўқув йилида  20 нафар хорижлик мутахассис жалб этилиши режалаштирилган.

Айни пайтда вилоятдаги хорижий тил ўқитувчиларининг 82 фоизи  тил билиш бўйича миллий ва халқаро сертификатларга эга бўлиб, бу ўтган йилга нисбатан 20 фоизга ўсиш демакдир.

Форум жараёнида Президент мактаби ва ихтисослаштирилган мактаблар ҳамда мактабдан ташқари таълим тизимларида ҳам салмоқли натижаларга эришилганлиги алоҳида эътироф этиб ўтилди.

Ҳ.Эллиев янги ўқув йилида кўзда тутилган аниқ мақсад ва қилиниши лозим бўлган устивор вазифаларга бирма-бир тўхталар экан, бу йўлда барча педагогларни якдилликка, фаолликка чорлади.

Ялпи йиғилиш якунида таълим-тарбия тизимида алоҳида ўрнак кўрсатган, соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшаётган фаол, ташаббускор ва изланувчан, муносиб натижаларга эришаётган таълим муассасалари ўқитувчилари ва мактабгача таълим ташкилотлари тарбиячилари фахрий ёрлиқ, эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.