Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода иссиқхоналарнинг табиий газ таъминоти тикланди
15:02 / 2022-10-29

Саноат хомашёси ва озиқ-овқат маҳсулотларини етиштиришда энергия ресурсларининг ўз ўрни бор. Жумладан, газ таъминотининг вақтида етказиб берилаётганлиги тадбиркорнинг ҳосилини унумдор ҳамда иш жараёнини янада ривожлантиришга хизмат қилади.

“Ҳудудгаз Бухоро” газ таъминоти филиалидан олинган маълумотга кўра, вилоятда 323 та иссиқхоналар фаолият олиб бормоқда. Шундан ўтган мавсумда 282 та иссиқхонага табиий газ меъёрида етказилиб берилган. Жорий йилнинг 28 - 29 октябрь кунлари 100 дан ортиқ иссиқхона хўжаликлари куз-қиш мавсумида фаолият кўрсатиш учун табиий газга эҳтиёжи борлигини маълум қилиб, мурожаат қилган. Ушбу иссиқхона хўжаликлари билан икки томонлама шартномалар расмийлаштирилиб, газ тармоғига улаб берилди.

Хусусан, Бухоро вилояти Ромитан туманидаги бир қатор иссиқхоналарда табиий газ таъминоти тикланди. Улар ўз фаолиятини давом эттирмоқда. Дастлабки манзил Ромитан туманидаги помидор етиштиришга мўлжалланган 8 гектар ер майдонига эга иссиқхона хўжалиги бўлди. Мазкур объектда 80 дан ортиқ ишчи меҳнат қилдади. Маълум муддат газ таъминоти билан боғлиқ танқислик юзага келгач, иссиқхона эгаларининг шу борадаги мурожаатлари асосида ҳолат ўз жойига бориб ўрганилди ва объект қайта табиий газга уланди.  

– Иссиқхоналарга мавсум бошида 15 кун газ меъёрида берилди, –дейди Ҳасан Ҳотамов. – Газ тармоғидан узилган иссиқхонамиз Давлат раҳбарининг топшириғига асосан қайта уланди. Бунинг учун Президентимизга раҳмат. Биз тадбиркорларнинг меҳнатини қадрлаб, етиштираётган маҳсулотимизни экспортга тайёрлаш учун барча шароитларни яратиб берди.  

– Табиий газ таъминотида ҳеч қандай муаммомиз йўқ, – дейди “Ромитантумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи Заҳриддин Қобилов. –Бир меъёрда етказиб беришимиз учун барча имкониятимиз бор. Айрим тадбиркорларимиз огоҳлантиришлар орқали тармоқдан ажратилган эди. Қайта мурожаати асосида таъминот ишлари бир меъёрда таъминлаб берилмоқда.  

Газ таъминоти ходимлари жойига бориб, ҳар бир иссиқхона эгаси билан мулоқот қилган ҳолда газ таъминотини қайта тиклаб беришда амалий кўмак бермоқда.  

Бухоро туманидаги “Сўфикоргар” маҳалласида жойлашган бодринг маҳсулоти етиштириладиган иссиқхона хўжалигида ҳам бугун иш жараёни авжида. 20 нафарга яқин ишчи ходимлар ўз ишидан мамнун фаолият олиб бормоқда. Бир неча кун олдин ушбу объектда ҳам табиий газ таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар бўлган. Бугун эса, барчаси амалий жиҳатдан ижобий ечим топди. Ходимлар билан олиб борилган суҳбат давомида уларнинг кўзидаги қувонч ҳамда миннатдорчилик туйғусини кўришимиз мумкин. Иссиқхонада табиий газ таъминоти тикланди. 20 нафар ишчилар эса, ўз ишига қайтиб, меҳнат қилмоқда.  

– Бир икки кун газ бўлмади, – дейди корхона ишчиси Феруза Аслонова. – Бор ишимиздан ҳам айрилмайлик деб ишчиларимиз анча зерикди. Раҳмат мутасаддиларга газни ёқиб беришди. Муаммоларимиз ортда қолди. Ишимизни давом эттираяпмиз. Шундай шароитларни яратиб берган давлатимиз раҳбарига ўз миннатдорлигимизни билдирамиз.  

–Бир гектар ер майдонида Корея технологияси асосида иссиқхона ташкил этгандик, – дейди тадбиркор Ойбек Холиқов. – 2-3 кун олдин табиий газ тўхтатиб қўйилганди. Давлат раҳбари ташаббуси билан қайтадан тикланди. Ишчиларимиз иш билан банд. Маҳсулотларимиз тайёр. Экспортга шартнома қилганмиз. Яқинда шартнома шартларини бажаришга киришамиз.  

Қувонарлиси, маҳсулотларни экспорт қилишга ҳам шартномалар имзоланди. Таъкидлаш лозим вилоятда бугун қадар 80 га яқин иссиқхоналарнинг табиий газ таъминоти тикланди. Жараёнлар давом этмоқда.  

Зариф Комилов, ЎзА