Oʻzbek
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода иммуногистокимё лабораторияси ташкил этилди
19:37 / 2021-05-17

Бухоро давлат Тиббиёт институти илмий лабораториясида онкологик касалликларни ташхислаш ва уларга даво муолажаларини асословчи иммуногистокимёвий текшириш услуби йўлга қўйилди.

Институтда мамлакатимизда биринчи бўлиб иммуногистокимё лабораторияси ташкил этилди ва зарур асбоб-ускуна, анжомлар билан жиҳозланди.

Иммуногистокимёвий усул бу илғор лаборатория текширувларидан бири. Онкологик касалликларни аниқлашда, уларни онкомаркёрлар орқали турини, даражасини, кечишини ва даво усулларини танлашда катта аҳамиятга эга. Ҳозирда замонавий клиникаларда иммунокимёвий текширишларсиз онкологик касалликларга ташхис қўйилмайди ва даво муолажалари тайинланмайди.

Мазкур лабораторияда ишловчи ходимлар салоҳиятини ошириш, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, илғор технологиялар асосидаги лаборатория усулларини йўлга қўйиш мақсадида Россия Федерациясининг И.Мечников номидаги Шимолий – ғарбий давлат тиббиёт университети патологик анатомия кафедраси профессори Р.Деев бошчилигидаги олимлар гуруҳи Бухорога келди.

Россиялик олимлар томонидан икки ҳафта мобайнида иммуногистокимё усулини қўллаш бўйича ўқув курслари олиб борилди. Бунда Бухоро давлат тиббиёт институтининг 11 нафар, Самарқанд давлат тиббиёт институтининг 3 нафар, республика Ихтисослаштирилган онкология ва радиология илмий-амалий тиббиёт маркази Бухоро филиалининг 2 нафар илмий изланувчилари таҳсил олди ва замонавий усулни ўзлаштирди.

Хорижлик мутахассислар Р.Деев ва М.Мавликиевлар маҳорат дарслари жараёнида лабораторияда одам организмининг турли аъзоларида юзага келган ўсма касалликлари турини, хавфлилик даражаси ва даво усулларини танлаш имконини берадиган онкомаракёрларни аниқлаш йўлга қўйилди. Бугунги кунда таҳлилларни ўтказиш учун зарур бўлган 70 миллион сўмлик реактивларга буюртмалар берилди.

Бундай замонавий лабораториянинг ташкил этилиши минтақа аҳолисига юқори аниқликда онкологик ташхис қўйиш ва сифатли тиббий хизмат кўрсатиш, беморлар вақти ва маблағини тежаш, касалликни кечиккан оғир даражаларига ўтиб кетмаслигига ҳамда эрта даволашни бошлаш, беморлар ҳаёт кўрсатгичларини яхшилашда беқиёс аҳамият касб этади.

Зариф Комилов, ЎзА