Бухорода Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирлиги, Бухоро вилояти ҳокимлиги, Саломатлик ва стратегик ривожланиш институти, Бухоро вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси, Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институти, Бухоро давлат университети, Ўзбекистон халқ табобати академияси, Республика маънавият ва маърифат маркази, МТРК, Ўзбекистон ЮНЕСКО ишлари бўйича миллий комиссияси билан ҳамкорликда “Абу Али ибн Сино: жаҳон мероси – Ўзбекистон ғурури” мавзусида илмий-маърифий соғломлаштириш тадбири бўлиб ўтди.
Дастлаб, “Абу Али ибн Сино соғломлаштириш марафони”, Ибн Сино ҳайкалига тантанали гуллар қўйиш маросими ва Ибн Сино музейида “Абу Али ибн Сино: Жаҳон мероси – Ўзбекистон ғурури” мавзусида илмий-маърифий анжуман ўтказилди ва маърузалар тингланади.
Куннинг иккинчи яримида, Бухоро шаҳридаги Абу Али ибн Сино номидаги Бухоро давлат тиббиёт институтида оммавий ахборот воситалари вакиллари учун матбуот анжумани ташкил этилди. Анжуманда, Абу Али ибн Сино шахси ва кўп қиррали бой илмий-маданий мероси, ушбу улуғ ватандошимиз таълимоти ўзбек олимлари ва мутахассислари томонидан ўрганилиши тўғрисида маълумот берилди.
Матбуот анжуманидан кўзланган мақсади – Ўзбекистон аҳолиси, айниқса, ёшларга, оммавий ахборот воситалари орқали Абу Али ибн Сино тўғрисида илмий асосланган маълумотларни етказиш, ёшларни ўз тарихи ва буюк тарихий шахсларга ҳурмат, ўз юртига садоқатли, баркамол авлод бўлиб етишиш ва уларда ватанпарварлик ҳисларини янада ривожлантиришдан иборат.
[gallery-24808]
Вилоят Юқумли касалликлар шифохонасида ҳам тантанали тадбир ташкил этилди. Унда шифохона раҳбарияти ва тиббиёт ходимлари иштирок этиб, буюк табибнинг ибратли ҳаёт йўли ва ўлмас мероси ҳақида сўз юритилди.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.