Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода II Республика Сардорлар форуми бошланди
14:25 / 2022-11-16

Бухорода “Камалак” болалар ташкилотининг Сардорлар Кенгаши фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва улар орасида экологик маданиятни шакллантириш мақсадида жорий йилнинг 16-19 ноябрь кунлари “Яшил макон” умуммиллий ҳаракати доирасида II Республика Сардорлар форуми ва VIII Раёсат йиғилиши бошланди.

– Болаларни миллий ғоя асосида Ватаннинг содиқ фарзандлари этиб тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ-манфаатларини ифода этиш ва ҳимоя қилиш, истеъдод ва қобилиятларини намоён қилишлари ҳамда ривожлантиришларини мақсад қилган Республика “Камалак” болалар ташкилоти бугунги кунда ўз атрофига 332 минг 697 нафар сардорларни бирлаштиради,  – дейди Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи, Республика “Камалак” болалар ташкилоти раиси ўринбосари Муҳаммаджон Камилжанов. – Улардан 14 нафари республика сардорлари, 196 нафари ҳудудий сардорлар, 2 минг 912 нафари маҳаллий сардорлар, 141 минг 834 нафари мактаб сардорлари ҳамда 187 минг 741 нафари синф сардорларини ташкил этади.

2022-2023-ўқув йилида фаолият олиб борадиган Сардорлар Кенгаши аъзолари фаолиятини тизимли ташкил этиш, улар орасида экологик маданиятни шакллантириш, табиатни асраб-авайлашга қаратилган ишларни ривожлантириш мақсадида Бухоро шаҳрида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида II Республика Сардорлар форуми мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан сараланган жами 170 нафарга яқин истеъдодли ва интилувчан ўқувчи-ёшлар учун ташкил этилди. Уч кун давом этадиган форум доирасида “Камалак” болалар ташкилотининг VIII Раёсат йиғилиши, республика Сардорлар сайлови, “Мунозара” интеллектуал ўйини, “Камалакда меҳмонда” ҳамда “Экопатрул” лойиҳалари, “Тоза ҳудуд” ва “Дарахтларни ҳавас билан экамиз” акциялари ташкил этилади.

Форум иштирокчилари учун соҳага доир профессионал мураббий ва спикерлар томонидан маҳорат дарслари ташкил этилади. Мазкур ўқув-семинарлар ҳудудлардаги ёшларнинг экологик маданиятни ошириш, табиатни асраш, иқлим ва сув бўйича глобал масалаларни ижобий ҳал этишга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.  

Шунингдек, Бухоро шаҳридаги Марказий истироҳат боғи ва кўҳна ва боқий Бухоро мажмуаси ҳудудида ташкил этиладиган ҳашарда Республика сардорлар форум фаоллари иштирок этади.  

Форумнинг тантанали очилиш маросими эртага вилоят ёшлар марказида бўлиб ўтади.  

 

 

Зариф Комилов,  

ЎзА