Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ҳунармандчилик маркази очилди
20:03 / 2022-07-27

Бухородаги “Модарихон” мадрасасида ҳунармандчилик маркази очилди. Унда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, ҳунармандлар, ҳунар ўрганаётган ёшлар, сайёҳлар, жамоатчилик вакиллари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Бухоро вилояти бандлик бошқармаси, шаҳар прокуратураси ташаббуси билан айни вақтга қадар бўш турган мазкур маданий мерос объектидан самарали фойдаланиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 8 апрелдаги “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан мадраса Бухоро шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказига берилди.

Ўз даврида илм-маърифат маскани ҳисобланган ушбу мадраса таъмирлаш-пардозлаш ишларидан сўнг ҳунармандчилик марказига айланди. Эндиликда бу ерда 20 нафар ҳунармандлар томонидан мономарказ билан тузилган шартнома асосида мисгарлик, ёғоч ўймакорлиги, кандакорлик, каштачилик, зардўзлик, миниатюра рассомчилиги сингари ҳунарларни ўргатиш имконияти яратилди.

[gallery-8058]

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов аҳолини касбга ўргатиш орқали улар бандлигини таъминлаш ва оила даромадини оширишни мақсад қилган мазкур марказ қадимий ҳунармандчилик намуналарини янада оммалаштириш, вилоятнинг туризм салоҳиятини юксалтиришга муносиб хизмат қилишини алоҳида таъкидлади. XX асрнинг бошларида Бухорода 250 дан зиёд мадраса мавжуд бўлган. Шулардан бири 1566-67 йилларда Абдуллахон томонидан онаси шарафига бунёд этилган “Модарихон” мадрасасидир. XVI аср меъморчилик анъаналарини ўзида ифодаловчи бу ёдгорлик Абдуллахон мадрасаси қаршисида жойлашган. Иккаласи Қўш мадраса мажмуасини ташкил қилади. Мадраса улкан пештоқ, миёнсарой, дарсхона, масжид ва ҳовли атрофида икки қаватли қилиб қурилган айвонли ҳужралардан иборат. Хоналарнинг ҳар бирида эшик ва унинг тепасида ганчкори панжара мавжуд бўлган.

“Модарихон” мадрасаси 1960 йилда давлат томонидан муҳофазага олинган. Шундан сўнг мадраса биноси туристлар учун саёҳат йўналишига киритилади. Истиқлол йилларида мадраса тўла таъмирланиб, кўҳна ва боқий Бухоро кўркига кўрк қўшди. Марказнинг очилиш маросими ўзига хос тантанага айланди. Йиғилганлар марказ фаолияти билан яқиндан танишди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА