ФОТОРЕПОРТАЖ
Аҳоли бандлигини таъминлаш, айниқса кам даромадли ва ишсиз фуқаролар учун янги иш ўринлари яратиш, шунингдек, уларни халқаро меҳнат бозори талабларига мувофиқ тайёрлаш мақсадида Бухоро шаҳрида “Хорижда иш” меҳнат ярмаркаси ташкил этилди.

Мазкур лойиҳа доирасида вилоятдаги жами 516 та маҳалла қамраб олинди. Дастлабки маълумотларга кўра, тадбирга оид эълонлар 67 телеграм канал ва гуруҳлар орқали тарқатилиб, 70 минг мартадан зиёд кўрилди. Натижада 1000 нафардан ортиқ фуқаро онлайн ва офлайн шаклда рўйхатдан ўтди.
Ярмарканинг асосий мақсади хусусий бандлик агентликларининг вилоятдаги фаолиятини кенгайтириш, улар орқали мавжуд бўш иш ўринлари ҳақида кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, шунингдек, фуқароларни хорижий тиллар ва замонавий касбларга ўқитиш орқали хавфсиз, қонуний ва тартибли меҳнат миграциясини таъминлашдан иборат.

Тадбирда лицензия асосида фаолият юритаётган “Workmall”, “Getwork”, “Bestwill”, “Job Bridge”, “Interwork”, “Mir Power”, “Common Sense”, “World Bridge”, “Best Staff”, “Horizon Work”, “Youth Globe”, “Viza Master”, “Diamor”, “Vizalab” каби 20 дан ортиқ хусусий бандлик агентлиги иштирок этди. Улар хориждаги иш ўринлари, меҳнат шароитлари, иш ҳақи миқдори, яшаш шароити ва ишга жойлашиш тартиб-қоидалари юзасидан иштирокчиларга батафсил маълумотлар тақдим этди.
Тадбир аҳолининг меҳнат бозоридаги имкониятларини кенгайтириш, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва хабардорлигини ошириш, шунингдек, халқаро меҳнат миграциясини тизимли ва шаффоф йўлга қўйишда муҳим аҳамият касб этди.
Тоҳир ИСТАТОВ (сурат), ЎзА