English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ҳар бирининг баландлиги 100 метр бўлган 73 та шамол турбинаси ўрнатилди
17:52 / 2024-02-13

Саудия Арабистонининг “АCWА Поwер” компанияси томонидан Бухоро вилоятининг Пешку ва Ғиждувон туманларида ҳар бирининг қуввати 500 МВтдан бўлган 2 та (жами 1000 МВт) шамол электр станцияси қурилмоқда.

"Мазкур лойиҳалар доирасида Хитойнинг “Envision” компаниясининг ҳар бирининг қуввати 6,5 МВтдан бўлган шамол турбиналари ўрнатиляпти. Ҳозирги кунга қадар жами қуввати 474,5 МВтга тенг бўлган 73 та шамол турбинаси ўрнатиб бўлинди. 

Ҳар бир турбина минорасининг баландлиги 100 метр, шамол парракларининг ҳар бири эса 84 метрни ташкил қилади. 

Маълумот учун, ушбу йирик лойиҳалар доирасида жами 158 та мана шундай шамол турбиналари ўрнатилади. 

Мазкур электр станцияларининг дастлабки 400 МВт қуввати 2024 йил якунига қадар ишга туширилади. 

Станциялар тўлиқ ишга туширилгач, йилига 3 миллиард 600 миллион кВт•соат электр энергияси ишлаб чиқарилади. Бунинг натижасида йилига 1 миллиард 100 миллион метр куб табиий газ тежалишига эришилади ҳамда атмосферага 1 миллион 500 минг тонна зарарли газлар чиқишининг олди олинади. 

Шунингдек, ушбу лойиҳалар доирасида узунлиги 260 километр бўлган 500 кВ кучланишли электр узатиш тармоқлари ва 2 та 500 кВ кучланишли очиқ тақсимлаш ускуналари қурилади. 

Мазкур электр узатиш тармоқлари энергетика тизимининг шимоли-ғарбий (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилояти) ҳамда жануби-ғарбий (Бухоро ва Навоий вилоятлари) қисмларининг боғланишини мустаҳкамлайди. 

Эслатиб ўтамиз, Навоий вилоятининг Томди туманида ҳам 500 МВт қувватли шамол электр станцияси қуриляпти ва унинг ишга туширилган дастлабки қувватлари ҳозирги кунда “яшил” энергия ишлаб чиқармоқда”, – дейилади Энергетика вазирлиги хабарида. 

ЎзА