Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода ҳам муддатидан олдин овоз бериш давом этмоқда
11:22 / 2023-07-04

Бухоро вилояти Вобкент туманида 41 сайлов участкаси ташкил этилган. Уларнинг 36 таси умумтаълим мактаблари биносида жойлашган. Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг 2023 йил 20 июндаги 1299-сонли қарорига мувофиқ муддатидан олдин овоз бериш жорий йилнинг 28 июнь куни бошланиб, 5 июль куни якунланиши белгиланган.

Ушбу ҳуқуқий ҳужжатга асосан Вобкент туманида 2 июль кунига қадар 1 минг 487 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз берди. Жумладан, 164-участка ҳудудидан 50 нафар, 172-участкадан 49 нафар сайловчилар турли сабабларга кўра жорий йилнинг 9 июль куни ўз турар жойида бўлмаслиги боис сиёсий иродаларини намойиш қилди.

– Президент сайлови куни ўзим рўйхатда турган ҳудудда иш юзасидан бўлмаслигим туфайли бугун 184-сайлов участкасига келиб муддатидан олдин овоз бердим, – дейди Тош Чўллиев. – Юртимнинг келажагига бефарқ эмасман. Бундай сиёсий жараёнда юртимизнинг сайлаш ҳуқуқига эга ҳар бир фуқароси масъулиятли бўлиши даркор.

Мазкур участкада ҳозирга қадар 52 нафар сайловчи муддатидан олдин овоз берди. Жараён давом этмоқда.  

Пешку тумани ихтисослаштирилган мактаб биносида жойлашган 317-сайлов участкасида фуқаролар хорижга жўнаб кетиш, саёҳатда ва хизмат сафарида бўлиши ҳамда бошқалар туфайли муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланмоқда. 

– Мен 317-сайлов участкасида сиёсий жараёнга ўз ҳиссамни қўшяпман, – дейди Ғайрат Бозоров. – Жорий йилнинг 9 июль куни овоз бериш билан боғлиқ ишлар қизғин тус олишига аминман. Бироқ, айнан 9 июль куни муҳим сабаб билан участкага келолмаслигим боис муддатидан илгари овоз беришга қарор қилдим.

317-сайлов участкасида ҳозирга қадар 42 нафар фуқаро муддатидан олдин овоз берди.

Президент сайлови куни тегишли сабабга кўра, турар жойида бўлмайдиган сайловчилар 5 июлга қадар муддатидан олдин овоз бериш имкониятидан фойдаланмоқда.

– Бухоро шаҳридаги “Афшормаҳалла” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 26-сайлов участкасига келдим, – дейди фуқаро Мансур Шукуров. – Сиёсий иродамни намойиш қилиб муддатидан олдин ўзим хоҳлаган номзодга овоз бердим. Чунки 9 июль куни хизмат юзасидан участка ҳудудида бўлмайман.

– Ҳозирга қадар 29 нафар сайловчилар муддатидан олдин овоз берди, – дейди участка сайлов комиссияси раиси Акмал Ҳафизов. – Жараён давом этяпти. Мансур Шукуров сингари сайлов куни турар жойида бўлмайдиган сайловчилар муддатидан олдин овоз бермоқда.

Зариф Комилов,  

ЎзА