Марказий Осиёнинг энг диққатга сазовор маданий ташаббуси бўлиши кутилаётган илк Бухоро биенналеси ўз ишини бошлади. Мазкур ўзига хос тадбир бутун дунё рассомлари ва усталарни мулоқот, ижод ва фикр алмашиш учун бир манзилда жамлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк бор ташкил этилаётган Бухоро биенналеси бу оддий кўргазма эмас. Бу бутун маданий эко тизимни қайта қуриш, анъана ва замонавийликни уйғунлаштириш, Бухорони илмий маърифий ва креатив марказ сифатида жаҳон харитасига янада қатъий киритиш учун муҳим йўл.
Биринчи биеннале доирасида 40 та мамлакатдан 70 дан зиёд машҳур рассом ва ижодкорлар иштирок этади. 14 та маданий мерос объекти креатив кластерга айлантирилади. Уларда 60 дан ортиқ арт-объектлар яратилади. Бу асарлар нафақат Бухорони безайди балки кейинчалик дунёни турли кўргазмаларида ҳам намойиш этилади. Илмий маърифий учрашувлар, турли тадбирлар, халқаро академик симпозиум ва махсус таълим дастурлари орқали Бухоро ижодий лабораторияга айланади. Қадимий ансамбль бўйлаб рамзий карвон кўринди. Демак жараён бошланди.
[gallery-25187]
– Мен Бухорога биринчи бор келиб шаҳарни ҳис қилганимда дарҳол икки таассурот онгимда қолди, – дейди германиялик лойиҳа муаллифи Давид Соин Таппесер. – Биринчиси Насриддин Афанди ҳайкали ва кечқурун дарахтларга йиғилган қушлар. Улар баланд овозда чуғурлашади. Лекин бу шовқин эмас. Балки бир мажлисдек туюлади. Гуёки, бутун шаҳар қушлари шу ерда йиғилиб, суҳбат қураётгандек. Мадрасанинг пештоқларида икки улкан семурғ тасвирланган. Бу менга қушлар мажлиси достонини эслатди. Унда семурғ ягона қуш эмас балки барча қушларнинг биргаликдаги руҳи сифатида талқин қилинади. Шу боис мен ҳам бир асар яратишни истадим. У коллектив руҳ ва қушлар ҳақидаги ғоя билан боғлиқ. Иккинчи кашфиётим бу ҳуштаклар бўлди. Мен уларни жуда ёқтириб қолдим. Агар ҳар бир биеннале меҳмонига бир дона ҳуштак берилса ва улар ўз овозини ёзиб қолдирса. Натижада, бу ҳам ўша дарахтлардаги қушлар каби бўлар эди. Овозлар йиғилиб атрофда қушлар суруви ҳосил қилади. Ҳозир бу ерда туриб эшитиш қийин бўлса-да, кўкда учаётган қушларнинг турли овозлари мавжуд. Ҳозирча 35 хил овоз йиғилди. Лекин ҳар бир ташриф буюрувчи махсус хонага кириб ҳуштак билан ўз овозини ёзиб қолдирганида бу ҳам шу қушлар сурувига қўшилади.
– Биринчи навбатда шу ерда бўлганимдан фахрланаман, – дейди ҳиндистонлик лойиҳа муаллифи Суботҳ Гупта. – Атмосферага назар солинг жуда ажойиб. Бу асарим “шамол олиб юради” деб аталади. Уни яратишда карвонсарой ва мақбарадан илҳомланганман. Меъморчиликни, ҳунармандчиликни, таомларни кўрганда улар бир-бири билан уйғунлашганини ҳис қиласиз. Санъатнинг гўзаллиги шундаки, унинг ҳаммасини тушуниш шарт эмас. Бир асарни бола томоша қилади, ўрта ёшли одам кўради, қария кўради. Барчаси бир хил асарга қараб ҳар бири ўзича ўйлайди, ўзича ҳикоя яратади. Ана шу санъатнинг гўзаллиги, ана шу санъатнинг кучи. Албатта, менинг ғоям, ифодам бор. Лекин ҳар бир инсон ўзи учун асардан бир ҳикоя олади, ўз ҳикоясини яратади. Одамлар келиб, кўриб санъатдан завқ олишини истардим.
Бухоро энди нафақат тарихни эслатувчи шаҳар балки келажак илҳомини берувчи манзилга айланяпти. Агар Венеция ғарб санъатининг юраги бўлса, энди Бухоро Шарқ ва Ипак йўли санъатининг янги овозига айланади.
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/F3GIgXzjmpQ?si=LaVDSHUtBsZdmlJf" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.