Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода гуллар фестивали
17:48 / 2023-05-26

Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерациясининг Бухоро вилояти Кенгаши ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида “Гуллар” фестивали ўтказилди. Тадбирда тармоқлар кесимидаги касаба уюшма ташкилотлари ишчи-ходимлари, ихтисослашган фермер хўжаликлари, селекционерлар, ҳаваскор гулчилар, 1000 га яқин гулчилик соҳасига қизиққан ташкилотлар ходимлари иштирок этди.

–Фестиваль доирасидаги танлов тармоқлар кесимидаги касаба уюшма ташкилотлари ўртасида ўтказилди, – дейди вилоят Кенгаши маданий маърифий ва спорт ишлари бўлими мутахассиси Абера Имомова. – Фестивалга ташкилий-ҳуқуқий шакли ва мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Баҳолаш мезонлари гул турларининг ноёблиги, хилма-хиллиги, уларнинг сони, гул турлари тўғрисида маълумот мавжудлиги, визуал ташвиқот, декоратив техниканинг ифодалилиги ва яхлитлиги, гулларни ўстириш ҳамда сақлаш технологиясига амал қилиниши бўйича тўплаган баллари асосида 1,2,3-ўрин эгалари аниқланди. Шунингдек, танлов иштирокчилари “Энг фаол туман (шаҳар) тармоқ касаба уюшмаси ташкилоти”, “Энг фаол бошланғич касаба уюшмаси ташкилоти”, “Энг яхши гул композицияси”, “Энг яхши гулчи технолог”, “Энг чиройли декорация”, “Ноёб гуллар эгаси”, “Гуллар фестивалини ташкил этишдаги ҳамкорлик учун”, “Гуллар фестивалини ОАВ орқали ёритишдаги ҳамкорлик учун”, “Энг яхши гулчилик мактаби гулчиси” номинациялари бўйича ҳам тақдирланди.  

[gallery-12078]

Тадбир Президентимизнинг 2021 йил 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида” ги қарори асосида ишлаб чиқилган йўл харитаси ижроси доирасида ўтказилди. Бу вилоятда гулчилик ва кўчатчиликни ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий гул навларини парваришлаш, аҳоли ўртасида гулчилик санъатини оммалаштиришда муҳим аҳамият касб этади.  

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА