“Hududgaz Buxoro«газ таъминоти филиали томонидан «Табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимининг жорий этилганлиги, унинг ўзига хослиги ҳамда қулайлиги» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Асосий мақсад, соҳада бўлиб ўтаётган янгиланишлар, мавжуд муаммоларни бартараф этиш мақсадида олиб борилаётган амалий ишларни кенг аҳоли қатламига таништиришдан иборат.
Табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилаётганлиги, бу борада қилинаётган амалий ишлар, муаммолар хусусида фикр билдирилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 июлдаги «Иқтисодиёт ва аҳолини энергия манбалари билан барқарор таъминлаш, нефть ва газ саноатини бошқариш тизимини молиявий соғломлаштириш ва такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан «Ҳудудгазтаъминот» АЖ зиммасига 2021 йил якунига қадар барча тоифадаги истеъмолчилар учун табиий газни бошқариш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш вазифаси юклатилган.
Мазкур қарорда ҳисоблагичларни биринчи навбатда аҳолининг табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларга ўрнатиш, шунингдек йирик истеъмолчилар ва тадбиркорлик субъектларини уларнинг ҳисобидан Тизимга улашдан иборат. Аҳоли яшаш пунктларида барча истеъмолчиларнинг ҳисоблагичларини ҳамда йирик участкалар кириш қисмидаги ҳисоблагичларни бир вақтнинг ўзида ўрнатиш ва Тизимга улаш ҳамда тармоқдаги йўқотишларни бартараф этиш бўйича ишларни ташкиллаштириш белгилаб қўйилган.
Ҳисоблагичларни ўрнатиш ва тизим имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича амалий машғулотларни ташкил этиш орқали жойлардаги барча ходимларнинг кўникма ва малакасини ошириш борасида ҳам аниқ вазифалар берилган. Бу борада ҳар бир ходим масъулиятни ҳис этган ҳолда жойларда амалий ишлар натижадорлигига эътибор қаратмоқда.
Алоҳида таъкидлаш зарур, қарор талабларидан келиб чиқиб, барча тоифадаги истеъмолчилар учун замонавий газ ҳисоблагичларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.
– Вилоятда 2020 йил 13 майдан бошлаб табиий газ назорати ва ҳисобининг автоматлаштирилган тизимида ишловчи электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари бошланди, – дейди, "Hududgaz Buxoro" газ таъминоти филиали директори Ўктам Абдиев.
– Биринчи навбатда аҳолининг табиий газ истеъмоли ва қарздорлик даражаси юқори бўлган ҳудудларда ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Бугунги кунда Бухоро шаҳри, Ғиждувон, Бухоро, Қоровулбозор, Олот туманларидаги аҳоли хонадонларида электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Вилоят ҳудудида 2021 йил 1 августга қадар барча аҳоли истеъмолчиларига электрон газ ҳисоблагичлар тўлиқ ўрнатиш режалаштирилган. Вилоятда жами 262 минг 33 та аҳоли истеъмолчиларига АСКУГ тизимида ишловчи газ ҳисоблагичлар ўрнатилади. 64 мингдан ортиқ аҳоли истеъмолчиларига янги электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилди. Замонавий ҳисоблагичларнинг ўрнатилиши билан боғлиқ амалий ишларга 500 га яқин ишчи ходим жалб этилган. 140 та бригада тузилиб, ҳудудлар кесимида хонадонларда ҳисоблагичларни ўрнатди, тарғибот ишларига ҳам эътиборни кучайтиришган.
Энг муҳими, истеъмолчиларга «ақлли» ҳисоблагичлар «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳисобидан бепул ўрнатилади. Истеъмолчидан талаб қилинадигани тўловни вақтида амалга ошириш ва ҳисоблагичга ташқи зарар етказмасликдир. Асосий мақсад, қарздорликнинг олдини олиш ва аҳолига бу борада қулайлик яратишдир.
Бугунги кунга қадар газ таъминоти қарздорлиги мавжуд жами 117 минг 601 нафар аҳоли истеъмолчига 28476,8 миллион сўмлик огоҳлантириш хатлари тақдим этилган, шундан 28 минг 819 нафаридан қарздорлик ундирилган, 5 минг 514 нафар истеъмолчи эса тармоқдан узилган. 4 нафарининг ноқонуний тарзда газ тармоғига уланганлиги аниқланган. Албатта бу каби ўзбошимчаларга тегишли тартибда қонун доирасида чоралар кўрилган.
Зариф Комилов, ЎзА