Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода “Cyber-Week” ҳафталиги
16:16 / 2023-10-04

Бухорода Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг Тезкор-қидирув департаменти Киберхавфсизлик маркази, вилоят ҳокимлиги ва вилоят Ички ишлар бошқармаси ҳамкорлигида Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги – “Cyber-Week” комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари бўйича матбуот анжумани ўтказилди. Унда республика ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист, блогерлар ва кенг жамоатчилик вакиллари қатнашди.

Бугунги долзарб замонда рақамли технологиялар барча соҳаларга ва одамлар ҳаётига жадал кириб бормоқда. Ушбу соҳа ривожланиб боргани сари, бундан ғараз мақсадда фойдаланувчилар ҳам ортмоқда. Ҳозирги кунда, вилоят ҳудудида содир этилаётган жами жиноятлар орасида интернет ва компьютер технологиялари билан боғлиқ жиноятлар кескин ошмоқда. 
Матбуот анжуманида таъкидланганидек, жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ушбу турдаги мурожаатлар сони 2 баробарга ошган. Натижада фуқароларга 4 миллиард сўмга яқин зарар етказилган. 

Ушбу ҳолатларнинг олдини олиш ва аҳолининг огоҳлигини ошириш мақсадида Президентимизнинг 2022 йил 3 февралдаги “Интернет тармоғида содир этилаётган ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, республика ҳудудида бу турдаги ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш бўйича комплекс тарғибот-ташвиқот тадбирлари Ички ишлар органларининг ташаббуси билан ўтказилиши белгиланган.

Қарор ижросини таъминлаш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимининг жорий йил 21 августдаги “Кибермаконда содир этиладиган жиноятларга қарши курашиш ҳафталиги” доирасида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказишга қаратилган комплекс чора-тадбирлар тўғрисидаги фармойиши чиқарилди. Фармойиш асосида жорий йилнинг 3-11 октябрь кунлари вилоятдаги корхона ва ташкилотлар билан ҳамкорликда комплекс профилактик тадбирлар ўтказилади.

[gallery-13865]

Фармойишга кўра, 12 турдаги чора-тадбирлар амалга оширилиши белгиланган. Ишчи гуруҳга 23 та ташкилот ва муассасаларнинг раҳбар ва масъул ходимлари ҳам киритилган.

Шунингдек, ҳафталик доирасида таълим муассасалари ёшлари, маҳалла фуқаролари, корхона ва ташкилотлар ишчи- хизматчилари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва блогерлар ўртасида танловлар ўтказилиши кўрсатилган. Танлов ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш бўйича вилоят ҳокимлиги томонидан 121 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилган. 
Тадбирларга инновацион тарғибот усулларидан фойдаланган ҳолда вилоятдаги барча фуқаролар, ёшлар билан ҳамкорликда 2 миллиондан ортиқ аҳоли қамраб олиниши режалаштирилган.

Матбуот анжуманида иштирокчиларни қизиқтирган саволларига соҳа мутахассислари томонидан жавоб берилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), 

ЎзА мухбирлари