Бухоро вилоятига олиб келинаётган вакциналарни совуқлик режимига риоя этилишини таъминлаш мақсадида ҳомий ташкилотлар билан ҳамкорликда алоҳида омборхона қурилиб, етарли миқдорда совутгичлар билан таъминланди.
Совуқлик занжирига риоя қилишни таъминлаш мақсадида JAC” русумли 1 дона рефрежераторли юк автомашинаси ва барча шаҳар, туманларга “Чанган” русумли 13 та автомашина ажратилди. Вилоятда ташкил этилган 245 та эмлаш пунктлари ва 45 та мобил гуруҳларнинг барчаси совутгичлар ва термосумкалар билан таъминланди.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги Бухородаги коронавирусга қарши эмлаш пунктлари манзилини эълон қилди. Рўйхатда Бухоро шаҳридаги 1-22-3-4-5-6-7-8-9-10-сонли оилавий поликлиника ва туғруқ мажмуаси эмлаш пунктлари деб кўрсатилган.
– “Astra Zeneca” вакцинасидан 40 минг дозаси вилоятга ажратилди, – дейди вилоят санитария эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бошқармаси бошлиғи Ашур Тўхтаев. – Шу билан бирга 40 минг дона шприц ва 400 дона хавфсиз қутилар олиб келинди. ZF-UZ-VАК 2001 вакцинасидан 40 минг 400 дозаси вилоятга шунча миқдордаги шприц, 400 та хавфсиз қутилар, 7 минг 500 флакон (50 мл) 70 фоизли этил спирти ва 7 минг ўрам (100 гр) тиббиёт пахтаси олиб келинди.
[gallery-1853]
Аҳоли касалликни юқтириб олиш хавфига қараб тоифаларга бўлинди. Демак, олиб келинган вакциналар билан эмлаш ҳам шу кетма-кетликда амалга оширилади. Жумладан юқиш хавфи юқори бўлган 65 ёшдан катта бўлганлар (65-74, 75-84, 85 ёш ва ундан юқорилар), тиббиёт ходимлари, сурункали касаллиги бўлганлар, мактаб ўқитувчилари, мактабгача таълим муассасалари тарбиячилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари, транспорт ходимлари, ОАВ ходимлари, меҳнат мигрантлари кетма-кетликда эмланиши режалаштирилган. Шундан кейингина аста-секин аҳолининг бошқа қатламлари ҳам қамраб олинади.
Ҳозирги кунда вилоятнинг 250 мингга яқин фуқароси эмлаш учун рўйхатга киритилган. Вакцина ва иммунизация глобал альянси (GAVI) томонидан коронавирусга қарши эмлаш тадбирларини мувофиқлаштирувчи COVAX га аъзо давлатлар рўйхати шакллантирилган ва улар қаторига Ўзбекистон Республикаси ҳам киритилган.
Зариф Комилов, Тоҳир Истатов (сурат). ЎзА