Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода чигит экиш бошланди
14:42 / 2024-03-25

Бухоро вилояти Ромитан тумани “Нурафшон” ҳудуди даласида чигит экиш мавсуми олдидан кўргазмали амалий семинар ташкил этилди.

Унда вилоят ҳамда туманлар секторлари, туман ҳокими ўринбосарлари, соҳага масъул ташкилот ва корхоналар, пахта-тўқимачилик кластерлари, олимлар ва мутахассислар, пахта–тўқимачилик кластер корхоналари мутасаддилари, фермерлар қатнашди.  

Семинарда ерга плёнка остида ва очиқ майдонда чигит экиш агротехник талаб ва меъёрлари, техникалар созлиги, чигитни бир текис ундириб олиш билан боғлиқ жараён амалиётда тушунтириб берилди.  

Тажрибали деҳқон-мутахассисларнинг фикрича, чигит белгиланган муддатларда экилса эртароқ, бир текис ва соғлом кўчат олинади. Бунга уруғ юмшоқ, нам ва ҳарорати етарли бўлган тупроққа қадалганида эришилади. Чигитни муддатидан олдин ёки кеч экиш кутилган натижани бермайди. Тупроқ ҳарорати 10 сантиметр чуқурликда 13-14 градусга етганида чигит уруғини қадаш учун энг қулай муддат саналади. Уруғ қисқа кунларда кўтарилишни бошлайди. Туксиз чигит туклига нисбатан 5-6 кун кечроқ экилади.  

Кўргазмали амалий семинарда фермер хўжаликлари раҳбарлари, деҳқонларга тавсия ва таклифлар берилди.

Кўп йиллик тажрибадан келиб чиққан ҳолда жорий мавсумда ҳам вилоятда эртапишар “Бухоро-102”, “Бухоро-10” (“Сардор”), “Порлоқ” ва ўртапишар “Бухоро-6”, “Бухоро-8” каби маҳаллийлаштирилган ғўза навларини экиш режалаштирилган. Навлар ҳудудларнинг табиий-иқлим шароити, ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб жойлаштирилади. Ҳар йилги деҳқончилик мавсуми каби об-ҳаво беқарор келиши кутилаётган бу йилги шароитда ҳам чигитни мақбул муддатларда, тез ва сифатли экиб, ундириб олиш мўл ҳосил етиштиришда ўз самарасини беради.  

Бунинг учун туманларда пахта етиштириладиган жами 21 минг 364 та контурда масъул секторлар миқёсида фаолият олиб борадиган 146 та отряд, қолаверса, улар тасарруфидаги мавжуд 301 та “CASE–1200” русумли юқори унумли чигит эккич, бошқа техникалар иш фаолияти кунлик мувофиқлаштириб борилади.  

Семинарда замонавий, юқори унум билан ишловчи қишлоқ хўжалиги техника воситалари кўргазмаси ташкил этилди.  

Маълумот учун: жорий йилда бухоролик пахтакорлар 96 минг 220 гектар майдонга чигит экиб, ўтган йилдагиданда салмоқли “оқ олтин” хирмони барпо этиш тараддудида.  

Кўргазмали амалий семинарда вилоят ҳокими Ботир Зарипов сўзга чиқди.  

 

Зариф Комилов,

ЎзА мухбири