Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода “Бизнес марафон” лойиҳаси
15:53 / 2025-07-10

Бухорода вилоятдаги олий таълим муассасаларининг битирувчи ёшлари ва муваффақиятга эришган тадбиркорлар иштирокида вилоят ҳокимлиги томонидан “Бизнес марафон” лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.

Учрашувда ёшларнинг мустақил ҳаётга қадам қўйишлари, касбий қизиқишларини шакллантириш, потенциал иш берувчилар билан тўғридан-тўғри алоқаларни ўрнатиш ва уларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, шунингдек, тадбиркорлик субъектларининг кўргазмалари ташкил қилинди.

Ярмаркада 100 дан зиёд йирик корхоналар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари ҳамда амалиёт дастурлари билан иштирок этди. Ўтказилган семинар-тренингда вилоят ҳокими Ботир Зарипов ёш йигит-қизларнинг иқтидор ва имкониятларини рўёбга чиқариш, хусусан, уларнинг бизнес салоҳиятини юксалтириш борасида ўз фикрларини билдирди.

[gallery-24253]

– Ушбу кунлар сиз учун янги ҳаёт бошланадиган кунлар ҳисобланади. Бугун сизларнинг ҳаётингиздаги муҳим босқич – олий таълим даврини якунлаб, илм, изланиш, тинимсиз меҳнат билан ўтган йилларингиз энди ўз мевасини бериш арафасида. Сиз энди талаба эмассиз. Сиз – масъулиятли, билимли, юртга керак бўлган Ватан фарзандларисиз. Сиз – бу юртнинг муҳандислари, шифокорлари, ўқитувчилари, тадбиркорлари ва етакчиларисиз. Сиз – бизнинг умидимиз, келажагимиз, давлатимиз истиқболисиз! Ўзгаришни кутманг – ўзингиз бошланг! Кимдир “Менга имконият берилмади” дейди. Сиз “Мен имконият яратаман!” деб ҳаракат қилинг. Шахсан мен бу борада сизларга кўмакчи бўламан, – деди ҳоким Ботир Зарипов. 

“Бизнес марафон” доирасида вилоятнинг кўзга кўринган, соҳасида катта марраларни забт этган бизнес вакиллари ўз тажрибалари, тадбиркорлик билан самарали шуғулланиш ва маркетингда муваффақиятга эришишда нималарга эътибор қаратиш кераклиги ҳақида йиғилганларга тавсияларини, маҳорат сабоқларини улашди.

Ёшлар спикерларга ўзлари учраган муаммоли вазиятга ечим топиш борасидаги ноодатий саволларни йўллашди ҳамда фойдали, муҳим маслаҳатларни, жавобларни қизиқарли, содда ва атрофлича тарзда олди.

“Бизнес марафон” эндигина тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйиш истагидагилар учун унутилмас кўникма ва мотивация майдони бўлди. 

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари.