Бухорода Мустақиллик байрамининг 34 йиллиги муносабати билан “Ватан учун, миллат учун, халқ учун!” шиори остидаги “Умуммиллий бирдамлик” фестивали бошланди. Фестиваль иштирокчилари, аввал, Ғиждувон туманида жойлашган Абдулхолиқ Ғиждувоний мажмуасини зиёрат қилди.
Шундан сўнг, Ғиждувон тумани Тиббиёт техникумида “Маслаҳат оши” лойиҳаси бўлиб ўтди. Лойиҳа доирасида жамиятда миллий урф-одат ва анъаналарни асраб-авайлаш, уларни замонавий ҳаёт талабларига мос ҳолда давом эттириш, исрофгарчиликнинг олдини олиш, ижтимоий бирдамлик ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш мақсадида оилавий маросимлар, маданиятни юксалтиришга қаратилган очиқ мулоқот ва тарғибот ишлари олиб борилди.


Шунингдек, Ғиждувон тумани Баркамол авлод болалар мактабида “Инсон қадри” номли ижтимоий-маърифий тадбир ўтказилди. “Инсон қадри” лойиҳаси – ёшлар фаоллигини ошириш, касбга йўналтириш, кам таъминланганлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтожларга кўмак бериш орқали жамиятда бирдамлик ва меҳр-оқибатни мустаҳкамлашга қаратилган.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири.