Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода анъанавий қовун сайли
17:23 / 2023-08-06

Бухорода Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллиги муносабати билан жорий йилнинг 4 - 6 август кунлари “Кўҳна ва боқий Бухоро” маданий маркази ҳудудида XXVI анъанавий қовун сайли ўтказилди.

Бухоронинг туристик ва бошқа имкониятларини кенг тарғиб қилиш, полиз маҳсулотлари етиштириш соҳасида фаолият кўрсатаётган фермерлар, деҳқонлар ва олимлар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида ўтказилган сайил уч кун давом этди. Унда аҳолига арзон қовун маҳсулотлари тақдим этилди.  

Юртимиз, хусусан, Бухоро деҳқончилиги, унинг муҳим тармоқларидан бири ҳисобланган полизчилиги узоқ тарихга эга. Сўнгги йилларда полизчилик ҳам ривожланмоқда. “Қовун сайли” эса деҳқонлар эришаётган ютуқларнинг ўзига хос тақдимотига айланди.

[gallery-13032]

“Бухоронинг табаррук замини саховати” шиори остида ўтказилган кўргазмада вилоятдаги 11 тумандаги ўнта кластер, 2910 фермер ҳамда 3500 нафар томорқачилар томонидан “Кўкча”, “Амири”, “Новвоти”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Даҳбеди”, “Шерози”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” каби ўттизга яқин навга тегишли 2 минг тоннага яқин қовун, шунингдек, парҳезбоп тарвузлар тақдим этилди.  

Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, асалчилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил қилинди.

Тантанали тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қатнашди. Миришкор деҳқонлар ва полизкор фермерларни ўзига хос ҳосил байрами билан қутлади. Вилоят санъат усталари, фольклор жамоалари иштирокидаги концерт дастури тадбирга ўзгача шукуҳ бағишлади.  

 

Зариф Комилов,

Тоҳиржон Истатов (сурат, видео), ЎзА