Ўзбекистон Республикаси Давлат мустақиллигининг 31 йиллиги муносабати билан Бухоро шаҳрида анъанавий ХХV “Қовун сайли” байрами бўлиб ўтди.
“Қовун сайли” бу йил 25-маротаба ўтказилмоқда. Унда “Кўкча”, “Амири”, “Новвоти”, “Бўрикалла”, “Кампирчопон”, “Даҳбеди”, “Шерози”, “Тошлоқи”, “Гулоби”, “Баргинай” каби ўттизга яқин нав тақдим этилмоқда.
Дастлабки кунда вилоятнинг барча туманлари ўзларига бириктирилган ҳудудларда 137 та фермер хўжалиги томонидан танти деҳқонларнинг меҳнати маҳсули — 1 минг 215 тонна қовун-тарвуз шаҳарликлар дастурхонига тортиқ қилинди. Бундан ташқари, турли мева-сабзавотлар, асалчилик маҳсулотлари савдоси ҳам ташкил этилди. Абу Али ибн Сино номи билан аталувчи фавворалар хиёбонига туташ сўлим ҳудудда ташкил этилган икки кунлик “Қовун сайли” ҳақиқий байрамга айланди.
[gallery-8099]
Унда ҳар бир туман учун алоҳида майдон, жой ҳозирланиб, ўша ҳудуд фольклор-этнографик ансамбллари дилтортар куй-қўшиқлари, концерт репертуари билан йиғилганлар кўнглини хушлади. Сайл ташкилотчилари-ташкилий қўмита томонидан кўрик-танловнинг ҳар бир куни алоҳида баҳолаб борилди.
Тадбирнинг тантанали ёпилиш маросимида вилоят мутасаддилари, секторлар раҳбарлари, уста деҳқонлар, фермерлар ва жамоатчилик жам бўлди. Сайлда алоҳида ўрнак кўрсатган деҳқон-миришкорлар рағбатлантирилди. Туманлар ўртасида биринчи ўринга лойиқ деб топилган Ромитан, Когон ва Вобкент туманлари замонавий музлаткич билан тақдирланган бўлса, иккинчи ўринга лойиқ кўрилган Ғиждувон, Шофиркон ва Бухоро туманлари ҳамда учинчи ўриндаги Қоракўл ҳамда Қоровулбозор туманларига замонавий телевизорлар топширилди.
Фермер хўжаликлари ўртасида биринчи ўринни Пешку тумани Мустақиллик ҳудудидаги “Султон Али Раҳмат интенсив боғ қурилиш” МЧЖ раҳбари Исмоил Бўронов эгаллади. Мукофот тарзида “Лочин” юк ташиш мотоцикли топширилди. Иккинчи ўринга Жондор тумани Қароли ҳудудидаги “Элмурод Дўстмурод Шахриёр” фермер хўжалиги раҳбари Дўстмурод Боймуродов муносиб кўрилди. Учинчи ўринни Олот тумани Чорвоқ ҳудудидаги “Мухторов Шафоғат” деҳқон хўжалиги раҳбари Шафоғат Мухторов эгаллади.
Тадбирда Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қатнашди.
Зариф Комилов,
Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА