Бухорода Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ташаббуси билан Осиё халқаро университети ҳамкорлигида “Study in Uzbekistan” электрон ахборот тизими бўйича амалий семинар ташкил этилди.
Семинарда мамлакатимизнинг 200 га яқин олий таълим муассасаларининг халқаро алоқалар бўйича проректорлари ва бўлим раҳбарлари, тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда хорижий талабаларга хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи мутахассислар иштирок этди.

Тадбирни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги департаменти бошлиғи Абдували Холиқов очиб берди. Унда, Олий таълимни ривожлантириш маркази директор ўринбосари Музаффар Эсонов иштирок этиб, “Study in Uzbekistan” тизими имкониятлари юзасидан тақдимот ўтказди.

Семинардан кўзланган мақсад хорижий талабаларни Ўзбекистонда таълимга жалб этиш, миллий таълим экспорт салоҳиятини ошириш ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқаро таълимда рақобатбардошликни эришиш ва рақамлаштиришни кучайтиришдир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.