Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида жорий йилнинг 23 февраль куни ўтказилган йиғилишда 2024 йилдан бошлаб ҳар бир туман ва шаҳарда камида 5 тадан ўрта таълим муассасаларининг синфхоналарини таълим жараёнидан бўш вақтда касб-ҳунар ва чет тилларини ўқитиш фаолиятини амалга ошириш учун тадбиркорлар ва ўқув марказларига тўғридан-тўғри бепул ижарага берилиши бўйича топшириқ берилган эди.
Бухоро вилоятидан тадбиркорлар ва ўқув марказларига тўғридан-тўғри бепул ижарага бериладиган умумий ўрта таълим муассасалари рўйхати шакллантирилди.

Мактабгача ва мактаб таълими вазирининг биринчи ўринбосари Усмон Шарифхўжаев ушбу мактаб масъуллари, тадбиркорлар ва ўқув марказлари раҳбарлари билан учрашди.

Учрашув жараёнида бугунги кунда мамлакатимизда таълимни ривожлантириш масаласи давлат сиёсати даражасида муҳим аҳамият касб этаётганлиги ва бу жараён умумиллий ҳаракатга айланиб бораётганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.Хусусан, давлатимиз раҳбарининг мактабларга тадбиркорлар ва ўқув марказларини жалб этган ҳолда ўқитиш сифатини, ўқувчиларнинг олий ўқув юртларига ўқишга кириш кўрсаткичларини ошириш борасидаги ташаббуси бу йўналишдаги яна бир муҳим қадам бўлганлиги эътироф этилди.

Учрашувда фарзандларимизнинг бахтли келажагини таъминлашдек муштарак мақсад йўлидаги ушбу ҳаракат туфайли мактаб, ота-она ва ўқув марказларига бериладиган имтиёзлар, яратиладиган имкониятлар ва белгиланган мажбуриятлар хусусида аниқ ва батафсил маълумотлар берилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири