Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 700 дан зиёд инсоннинг муаммоси жойида ҳал этилди
17:22 / 2022-07-14

Маълумки, Президентимиз раҳбарлигида ишлаб чиқилиб, ҳаётга изчил жорий қилинаётган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида халқ билан мулоқот тизими механизмларини ҳам такомиллаштириш белгиланган.

Бу “Халқпарвар давлат” миллий дастурини изчил амалга оширишда ниҳоятда муҳим қадамдир.  

Шунга кўра, давлатимиз раҳбари топшириғи асосида тузилган Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятида оммавий қабуллари бўлиб ўтди. 

Президент Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Бош прокуратура, Судьялар олий кенгаши, Олий суд, ўттизга яқин вазирликлар, қўмиталар ва идоралар раҳбарларининг Пешку тумани Янгибозор, Когон шаҳридаги Темирйўлчилар, Жондор тумани Зарафшон маҳаллаларидаги очиқ-жонли мулоқотларида вилоятнинг барча ҳудуди аҳолиси қамраб олинди. 

Қабуллар давомида кўплаб мурожаатлар ижобий ҳал қилинди. Жумладан, Бош прокуратура масъуллари ғиждувонлик 70 ёшли таълим фахрийси Анна Гилёванинг мурожаатини жойига чиқиб ўргангач, масала ҳал қилинди. Тақдир тақозоси туфайли ёшлигида Бухорога кўчиб келган, Ғиждувонда улғайиб, бир умр муаллималик қилган Анна момога маданий мерос объекти сифатида олинган ихчамгина уйчаси ўрнига Ғиждувон тумани “Гулистон” маҳалласидан эгалик ҳуқуқи асосида уй-жой ажратилиши таъминланди. Янги хонадон калити ҳам шу ерда топширилди.  

Президентимиз асос солган халқ билан мулоқот тизими боис бухоролик Ҳожиакбар Атоев, когонлик Содиқжон Нуров, ғиждувонлик Ашраф Қиличев, қоракўллик Хуршид Ҳожиқулов ҳаётида ҳам бугун адолат ғалаба қилди. Бу инсонларнинг барчаси анча йиллар аввал ички ишлар тизимида бири майор, иккиси катта лейтенант, яна бири кичик сержант бўлиб хизмат қилган. Суд ҳужжатларини ўқирканмиз, 2008-2016 йилларда улар етарлича факт-исботларсиз, далиллар мажмуи билан тасдиқланмаган кўрсатувлар асосида ишдан четлатилганига гувоҳ бўлиш мумкин. 

Бу галги мулоқотларда эса Ички ишлар вазирлиги масъуллари 6-14 йил деганда яна соҳага қайтган майор Ҳожиакбар Атоев, катта лейтенантлар Содиқжон Нуров ва Ашраф Қиличев ҳамда кичик сержант Хуршид Хўжақуловни бирма-бир табриклаб, уларга масъулиятли вазифада омад тилади. 

Бош прокуратура, Ички ишлар ва Олий суд масъулларига мурожаатлардан сўнг айбига иқрор-у қилмишига минг пушаймон бўлган, муносиб жазо олганини тан олиш билан бирга, тузалиш йўлига ўтган, ҳаётини изга солиш учун имконият сўраган бир қатор шахслар муддатидан аввал жазодан шартли озод қилинди. 

Хусусан, мурожаатлар асосида жиноят ишлари бўйича Когон тумани суди жазони ижро этиш колониясидаги очиқ суд ишида 29 нафар маҳкум манзил колониясига ўтказилди, бир нафар маҳкумнинг эса жазоси енгилроғи билан алмаштирилиб, муддатидан илгари шартли озод қилинди. 

Мурожаатлар асосида оилавий зўравонлик ва тазйиққа учраган бир қатор хотин-қизлар давлат ҳимоясига олиниб, уларга ҳимоя ордерлари берилди. Халқ қабулхоналари ва 3-сектор масъулларига аввал мурожаат қилган ижтимоий ҳимояга муҳтож 10 дан зиёд оилалар фарзандларига ички имкониятлар ҳисобидан бепул расмийлаштириб берилган фуқаролик паспортлари – ID-карталар топширилди. 

Бухоро шаҳрида яшовчи Камол Ҳусановнинг фарзанди аввалроқ кредит эвазига ихчамгина иссиқхона барпо қилади. Бироқ, тақдир-пешона экан, меҳнатининг роҳатини кўра олмайди ва яқинда оламдан ўтади. Кредитдан қолган 18 миллион сўм қарздорликни тўлашга Камол ота имкон топа олмаяпти. Қарздорлик эса судга оширилган, суддан ижрога қаратилган. 

Айни шу масалада Судьялар олий кенгаши масъулларидан маслаҳат ва ёрдам сўраган Камол Ҳусановнинг кредит қарздорлиги ички имкониятлар ҳисобидан биратўла қоплаб берилди. Йирик иссиқхона тармоғига эга тадбиркорлардан бири ёлғиз қизи билан қолган отахоннинг иссиқхонасини барқарор ишлаб кетишини таъминлаб берадиган бўлди. 

Қабулларда кўплаб тадбиркорларнинг ҳам муаммолари ҳал қилинди. Жумладан, Марказий банк ва Мактабгача таълим вазирлиги масъуллари билан мулоқотлар асносида тадбиркор Кимё Ёдгоровага Когон туманида 150 ўринли нодавлат мактабгача таълим ташкилоти барпо қилиш учун берилган кредитнинг имтиёзли даври яна бир йилга узайтириб берилди. 

Жондорлик Зарина Боқиеванинг мурожаати асосида унинг хорижда оғир хасталикка чалинган отаси Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги жамғармаси ҳисобидан мамлакатимизга олиб келинадиган, Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари эса Заринанинг бемор отасини мамлакатимизда даволашга ёрдам берадиган бўлди.

Қабуллардан сўнг қатор мурожаатлар жойига чиқиб ўрганилди. Маҳаллаларда, хонадонларда кечган мулоқотлар асносида ҳам қатор масалалар ечими бўйича аниқ муддатли вазифалар белгилаб олинди. Айтайлик, Марказий банк масъулларининг Шофиркон туманининг Арабхона, Шўробод қишлоқларидаги ўрганишларидан сўнг “Арабхона” маҳалла фуқаролар йиғинининг маъмурий биносини барпо қилиш учун тамал тоши қўйилди. Шофирконнинг Шўробод қишлоғида яшовчи бир гуруҳ мурожаатчи хотин-қизлар яқинда айни шу маҳаллада иш бошлайдиган “Бухоро агро кластер” корхонасига ишга жойлаштириладиган бўлди. 

Бир сўз билан айтганда, Республика ишчи гуруҳининг Бухоро вилоятидаги уч кунлик оммавий қабулида қарийб 1 минг 600 та масала кўриб чиқилиб, уларнинг 714 таси жойида ҳал қилинди. 322 нафар мурожаатчига ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилган бўлса, қарийб 560 та масалани ҳал қилиш бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланди, Президент Администрацияси ва Халқ қабулхоналари томонидан назоратга олинди. 

Гулноза Бобоева, ЎзА