Бухоро вилояти Бухоро туманида қурилишда ишлаётган 5 нафар кишининг эҳтиётсизлик оқибатидаги фожиали вафоти ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ушбу аянчли ҳолат кўпчиликнинг кўнглини хира қилди.
Хабарларга кўра, хусусий қурилиш корхонаси ишчилари рухсат олмасдан, канализация қопқоғини очган ва қувурга тушган. Кучли оқим оқибатида қувур ичида оқиб кетган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Мазкур ҳолат юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати, ХДП фракцияси аъзоси Шокиржон Аҳмедов муносабат билдирди.
“Аянчли, фожиали воқеа мамлакатимизда тобора долзарб бўлиб бораётган бир масалани яна кун тартибига чиқарди. Бу – қурилишларда ишлаётган ишчиларнинг ҳуқуқлари, меҳнати муҳофазаси ҳақидаги масала.
Бугун юртимизда кўплаб қурилишлар бўляпти, бу яхши. Лекин минг-минглаб йигитлар хусусий қурилиш компанияларида норасмий ишлаб юрибди, ҳуқуқсиз, ҳимоясиз ишлаяпти.
Бу масала бир неча марта ҳукумат даражасида кўтарилган, уларнинг меҳнатини расмийлаштириш, ҳуқуқларини ҳимоя қилиш вазифалари белгиланган. Аммо ижро, назорат суст.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигининг энг принципиал функцияларидан бири меҳнат ҳуқуқини таъминлаш, меҳнатни, яъни, ишлаётган инсонни муҳофаза қилиш ҳисобланади. Афсуски, улар ҳозир долзарб бўлган ушбу масала билан астойдил шуғулланаётганини кўрмаяпмиз. Инсонни ҳимоя қилиш масаласида бу вазирлик ўзининг борлигини кўрсатиши учун яна қанча вақт керак?
Биринчи масала: даромадга муҳтож фуқароларни норасмий ишлатаётган, ҳуқуқларини ҳисобга олмаётган, қонунларга риоя этмаётган тадбиркорлар, ташкилотларга нима учун таъсирчан чора кўрилмаяпти?
Бухорода ҳалок бўлган 5 юртдошимизнинг фарзандлари ишлаб оиласига ёрдам бера олмайди. Болалари қаровсиз, ҳимоясиз қоладими? Уларнинг ишлаётгани расмийлаштирилганмиди? Расмий бўлса, вафот этганларнинг оиласига компенсация тўланадими? Улар кимнингдир фарзанди, отаси, акаси, ягона умиди бўлгандир!
Мутасадди идоралар бу масалаларга жиддий қараб, вафот этганларни, уларнинг оиласини ва албатта, юртимизда норасмий ишлаётган минг-минглаб юртдошларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чораларини кўриши зарур.
Халқ демократик партиясининг фракцияси депутатлари норасмий ишлашга мажбур бўлаётган, фақат қурилишда эмас, барча соҳаларда ҳимояга муҳтож бўлиб турган инсонларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш зарур, деб ҳисоблайди. Биз бу масалани парламент муҳокамасига олиб чиқамиз”, дейди депутат ўз муносабатида.
Дарҳақиқат, ушбу фожиали ҳолат норасмий ишлаётган минглаб фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида зарур чораларни кўриш шартлигини яна бир бор намоён этди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА