Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 2021 йилда 15 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқи тикланган
18:11 / 2022-01-19

Бу ҳақида Бухоро вилояти прокурори Маҳмуд Истамов Халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдаги сессиясида маълум қилди.

ZOOM платформаси орқали ташкил этилган сессияда вилоятдан сайланган Олий Мажлис Сенати аъзолари, Халқ депутатлари вилоят кенгаши депутатлари, доимий комиссиялар раислари, шаҳар ва туманлар ҳокимлари, сиёсий партиялар, жамоат ташкилотлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар раҳбарлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 
Сессияда 2021 йилда қонунийлик ва жиноятчиликка қарши курашишнинг ҳолати тўғрисида вилоят прокурори Маҳмуд Истамовнинг ҳисоботи эшитилди. 

Таъкидланишича, вилоят прокуратураси томонидан қонунийликни мустаҳкамлаш, қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлатнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш, жиноятчиликка қарши кураш ва унинг олдини олиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилган. Қонунларнинг ижро этилиши аҳволи юзасидан ўтказилган ўрганишларда тизимли камчиликларни олдини олиш ҳамда аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиш борасида 7 минг 800 дан зиёд прокурор назорати ҳужжатлари қўлланилган. 

Протест келтириш орқали мансабдор шахсларнинг 2 мингдан ортиқ ноқонуний ҳуқуқий ҳужжатлари қонун талабига мувофиқлаштирилиб, киритилган 1 минг 108 та тақдимнома муҳокамасида қонун бузилишларни келтириб чиқарган сабабларни бартараф этилган. Назорат тадбирларида 15 мингдан ортиқ жисмоний ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 

Прокурор текширувлари ва жиноят ишлари тергови давомида 35 миллиард 358 миллион сўмлик зарар ундирилган. 1 минг 700 нафар мансабдор шахслар интизомий ва 857 нафари маъмурий жавобгарликка тортилган. 2 минг 429 нафар шахс қонун бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳақидаги қонунлар ижроси юзасидан 108 та ўрганишлар ўтказилган. Қўлланилган 856 та прокурор назорати ҳужжатлари шунингдек, ҳамкорликда ўтказилган 124 та меҳнат ярмаркалари натижасида 6 мингдан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилган. Ёшлар ва хотин-қизлар ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилик ижроси юзасидан ўтказилган 26 та ўрганишлар натижасида 14 нафар ёшларнинг ва 221 нафар аёлларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган. 
 

Зариф Комилов, ЎзА