Бухоро вилоятида жорий йилнинг 5-13 август кунлари олий ўқув юртларига кириш учун тест синовлари бўлиб ўтди. 2 босқичда ўтказилган синовлар 13 август куни якунланди.
Пандемия шароити боис ёшлар карантин талабларига риоя қилган ҳолда профилактика дезинфекция воситалари, тиббий ниқоблардан кенг фойдаланган ҳолда имтиҳонларда иштирок этиши таъминланди.
Бухоро шаҳридаги 3 та объект “Бухоро” спорт мажмуаси, “Бухоро” ФК (Умид) ўйингоҳида, “Дилкушо” теннис мажмуасида бўлиб ўтган тест синовларини топширишда билимига ишонган ёшлар ҳеч нарсага чалғимай саволларни ўз вақтида ечиб чиқди. Аммо мазкур жараёнларда айрим ёшлар маълум манфаат эвазига билиб-билмай ноқонуний ҳолатларнинг иштирокчисига айланиб қолди.

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимларининг саъй-ҳаракатлари туфайли бу тоифа шахслар тўхтатиб қолинди.
– Ўтган 9 кун давомида олий таълим муассасаларига кириш учун ҳужжат топширган 48 минг 510 нафар абитуриентлардан 2 минг 18 нафари сабабсиз синов имтиҳонларига қатнашмади, – дейди Миллий гвардия Бухоро вилояти бўйича бошқармаси офицери катта лейтенант Муроджон Рахматуллоев. – 35 нафар абитуриентлар (19 нафар мобил алоқа (жучок), 5 нафар ўқув қўлланма (шпаргалка), 1 нафар бошқа бир абитуриент саволларини бажариб берганлиги, 8 нафар бошқа бир абитуриент ўрнига киришга ҳаракат қилганлиги ва 2 нафари пора таклиф қилганлиги сабабли) тест синовларидан четлаштирилди. Ҳозирда ушбу ҳолатлар юзасидан терговга қадар суруштирув ишлари олиб борилмоқда.

Зариф Комилов, ЎзА