Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг мос даврида давлат хизматларини кўрсатувчи ташкилотлар томонидан жами 9 минг 90 та қонун бузиш ҳолатлари содир этилганлиги аниқланди.
– Шундан 3 минг 298 та ҳолатда давлат хизматларини кўрсатиш муддатлари бузилган бўлса, 277 та ҳолатда фуқаролардан ортиқча ҳужжат талаб қилинган, – дейди Давлат хизматлари агентлиги Бухоро вилояти бошқармаси бош мутахассиси Санжар Раҳматуллаев. – Бундан ташқари, 766 маротаба тўғридан-тўғри давлат хизматлари кўрсатилган. 147 та мурожаат асоссиз рад этилган. 4 минг 594 та ҳолатда бошқа турдаги қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйилган.
Фуқаро С.Турсунова ипотека кредитига Давлат субсидиясини олишни сўраб давлат хизматлари марказига қилган мурожаати белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун комиссия аъзоларига юборилган. АТБ “Агробанк” Вобкент тумани филиали томонидан ариза берувчи фуқаро (биргаликда қарз олувчи)нинг ажратиладиган ипотека кредити бўйича тўлов қобилияти, унга ажратилиши мумкин бўлган ипотека кредити ва сотиб олиши мумкин бўлган уй-жойнинг юқори қиймати, кредит ташкилотларидан аввалги олинган кредитлар бўйича муддати ўтган қарздорликларининг мавжуд эмаслиги тўғрисидаги хулоса 13 иш куни кечиктирилиб берилган. Ваҳоланки, тижорат банклари мазкур хулосани ўн иш кунида бериши белгиланган.
Аниқланган ҳолатлар юзасидан 197 та маъмурий баённома расмийлаштирилган. 265 та огоҳнома ва 42 та тақдимнома киритилган. 197 нафар мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, 8 нафари интизомий жавобгарликка тортилган.
Зариф Комилов, ЎзА