Янги йил арафасида Бухоро вилоятининг шаҳар ва туманларидаги майдон ҳамда боғларда арчалар безатилмоқда. Бу ерда болалар ва катталар учун кўнгилочар тадбирлар, аҳоли ва меҳмонлар учун байрам сайиллари ташкил этиш учун қизғин ҳозирлик кўрилмоқда.
Янги йил муносабати билан Бухоро шаҳрининг 6 та ҳудудида арча безатилди. Мазкур ҳудудларда 2022 йил 21 декабридан — 2023 йил 4 январига қадар кўнгилочар тадбирлар бўлиб ўтади. Шунингдек, Когон шаҳар ва вилоятнинг туманларидаги майдон ҳамда боғларда арчалар ўрнатилган бўлиб, мазкур ҳудудларда байрам тадбирлари 2022 йил 21 декабридан — 2023 йил 5 январига қадар ўтказилади. Анъанавий байрам манзилларида янги йил арчалари ўрнатилиб, улар атрофидаги майдонлар безатилмоқда. Байрам тадбирларига жуда пухта тайёргарлик кўрилмоқда. 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган меҳмонлар ва сайёҳлар кайфиятини кўтариш учун ҳар хил кўнгилочар дастурлар, савдо ярмаркалари ташкил этилади. Эл ардоғидаги санъаткор ва эстрада хонандаларининг концерт дастурлари намойиш этилади.
[gallery-10024]
Вилоятда “Президент арчаси” тадбири ҳам юқори савияда нишонланади. “Меҳрибонлик уйлари”, махсус мактаб-интернатларида тарбияланаётган ҳамда ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар, Ватан сарҳадларини ҳимоя қилиб, юртимиз тинчлиги ва барқарорлиги йўлида қурбон бўлган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларининг фарзандлари ҳар томонлама қўллаб-қувватланади. Ногиронлиги бўлган ва якка тартибда уй шароитида ўқитиладиган ўқувчи ёшлар, ижтимоий ҳимояга муҳтож, боқувчисини йўқотган оила фарзандлари ҳолидан хабар олинади. Уларга байрам совғалари улашилади ва хонадонларида байрам дастурхонлари тузалади.
Вилоятнинг туман-шаҳар марказларида, йирик савдо мажмуалари, бозор ҳудудларида арзонлаштирилган қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ярмаркалари ташкил этилади.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА