"Ҳудудгазтаъминот" АЖ тизимидаги филиаллар балансида бўлган газ тармоқларини “2022 йилда мукаммал таъмирлаш ва реконструкция қилиш манзилли дастури” га асосан жорий йилда Бухоро вилоятидаги газ қувурларининг 17,9 километри реконструкция қилинади.
Жумладан, Бухоро туманидаги Галаосиё, Нурафшон, Садриддин Айний, Пахтакор кўчаларидаги 3,3, “Шергирон” маҳалласи Деҳмиён қишлоғидаги 1,7, “Работиқалмоқ” маҳалласидаги Деҳожи қишлоғидаги 4,2 жами 9,2 километр, шунингдек, Жондор туманидаги 0,7 километр, Бухоро шаҳридаги 6,3 километр, Когон туманининг “Ниёзҳожи” маҳалласида эса 1,7 километр газ қувурларини реконструкция қилиш режалаштирилган.

Газ қувурларининг яроқсизлиги табиий газ босими ҳамда хавфсизлиги билан боғлиқ муаммоларни юзага келтираётган эди. Айни шу сингари камчиликларнинг ўз вақтида бартараф этилишида манзилли дастурда белгиланган ишларнинг амалга оширилишижуда муҳим. Бу кенг кўламли ишлар натижасида вилоятдаги 11 минг 548 та аҳоли хонадонларида табиий газ таъминоти янада яхшиланади.

Зариф Комилов,
ЎзА