English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 1,7 гектар ерда истироҳат боғи барпо этилади
19:23 / 2023-03-06

Бухоро шаҳридаги собиқ Тўқимачи деҳқон бозори ўрнида истироҳат боғи қурилади. Айни пайтда бунёдкорлик ишлари бошлаб юборилган.

Боғда “Яшил макон” умуммилий лойиҳаси доирасида ташкил этилган дарахт ўтқазиш тадбири бўлиб ўтди. Унда секторлар раҳбарлари, вилоят ташкилот ва идоралари мутасаддилари, ёшлар, жамоатчилик вакиллари, экология ҳамда ободонлаштириш соҳаси ходимлари қатнашди.  

Тадбирда сўз олган вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳнамолигида бугун мамлакатимизда юз бераётган янгиланишлар, улкан бунёдкорлик ишлари одамларнинг кундалик ҳаётида ўз аксини топиб, энг асосийси, юртдошларимизнинг дунёқараши, ҳаётга бўлган муносабати ўзгаришига, эртанги кунга бўлган ишончи ортишига хизмат қилаётганлигини таъкидлади. Айниқса, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган “Яшил макон” лойиҳаси ҳозирда кенг қулоч ёзиб, умуммиллий ҳаракатга айланганини, Бухорода ҳам бу борада янги ташаббуслар илгари сурилаётганини айтди.  

Боғ учун 1,7 гектар ер ажратилган бўлиб, бу ерда бутазор ва табиий ўтлоқли майдон, велойўлак ва пиёдалар йўлакчаси, спорт майдони барпо этилади. Умуман, ташриф буюрувчиларнинг эҳтиёжларидан келиб чиқиб зарур инфратузилма яратилади. Пухта ўйланган дизайнга эга истироҳат боғи бир тарафдан сайёҳлар учун муҳим жойга, иккинчи томондан шаҳар брендининг бир қисмига айланади.  

Жорий баҳорги мавсумда ҳам ушбу лойиҳа доирасидаги ишларни янада изчил давом эттирган ҳолда манзарали ва мевали дарахт кўчатларини, буталарни экиб, вилоятимизда яшил ҳудудларни янада кўпайтириш мақсад қилинганлиги таъкидланди.  

Шундан сўнг халқимизнинг қадимий урф-одатларига биноан, Қуръон тиловат қилиниб, яратгандан яхши ниятларнинг ижобати сўралди ва дарахт экиш ишларига киришилди. 

 –Халқимизда “Яхшидан боғ қолади” деган азалий нақл бор, – дейди вилоят бош имом хатиби Жобиржон Элов. – Бу ҳикмат айни кунда янгича мазмун ва моҳият касб этган. Бундай эзгу ва хайрли ишда ҳар биримиз иштирок этиб, ўз ҳиссамизни қўшишимиз мумкин. Қолаверса, “Кўчат экиб, боғ ярат”, “Бирни кессанг ўнни эк” ҳикматлари ҳам бежиз айтилмаган. Оилада фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Шу боис, юрт ободлиги шу каби эзгу амаллардан бошланиб, ҳар бир кўнгилга файз беради, яшашимиз мазмунини белгилайди  

Шу куни тадбир доирасида 300 тупдан ортиқ манзарали дарахт кўчатлари ўтқазилди.  

Вилоят раҳбари  истироҳат боғи қурилиши лойиҳаси билан танишди. Уни аҳолининг талаб ва истакларига уйғун ҳолда барпо этиш, ўйин майдончалари, мини-кафе, фаввора, майсазорлар ва ўтириб дам оладиган жойлар дизайнигача эътибор қаратиш, суғориш тармоқлари билан таъминлаш бўйича масъулларга топшириқлар берди.  

Зариф Комилов, ЎзА