Бухорода дарахт кесган фуқаро бир йил олти ойга уй қамоғига олинди. Бу ҳақида вилоят Экология бошқармаси матбуот хизмати маълум қилди.
Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судида 16 туп дарахт ҳамда буталарни кесган фуқаро Қ.Қ.гa ҳукм ўқилди. Унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси ва 183 миллион сўм зарарни ундириш белгиланди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 4 февраль куни Бухоро шаҳар Перидастгир кўчаси 3/7-уй ва Алпомиш кўчаси 14-уй орасида кўп қаватли уй-жой қурилиши бўлаётган ҳудуддан фуқаро Қ.Қ томонидан 16 туп дарахт ҳамда буталарни кесганлиги ва бу орқали ўсимлик дунёсига 266 миллион 400 минг сўм миқдорида зарар етказилганлиги аниқланган.
Фуқаро Қ.Қ.нинг ҳаракатларида жиноят аломатлари борлиги сабабли ҳужжатлар шаҳар прокуратурасига юборилган. Шаҳар прокуратураси томонидан фуқаро Қ.Қ оид иш ҳужжатлари ўрганилиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 198-моддасининг 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Жиноят ишлари бўйича Бухоро шаҳар судига юборилган.
Ушбу жиноят иши шаҳар суди томонидан очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди. Фуқаро Қ.Қ Жиноят кодексининг 198-моддаси 2-қисми билан айбдор деб топилиб, унга нисбатан 1 йил 6 ой муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Шунингдек, фуқаро Қ.Қ.дан давлат фойдасига ўсимлик дунёсига етказилган 183 миллион сўм зарарни ундириш белгиланди ҳамда қолган 83 миллион 400 минг сўм қисми бўйича иш ҳолатларига аниқлик киритиш мақсадида ишнинг ушбу қисми Бухоро шаҳар прокуратурасига юборилди.
Зариф Комилов, ЎзА