Мажбурий ижро бюроси Бухоро вилояти бошқармаси томонидан матбуот анжумани ўтказилди.
Унда соҳа мутахассислари, вилоятдаги оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар қатнашди.
Матбуот анжуманида Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси бошлиғи ўринбосари Малик Бобоев амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берди.
Таъкидланишича, Бюро фаолиятидаги долзарб ва муаммоли йўналишлардан бири алимент ундириш билан боғлиқ ижро ҳужжатларининг амалга оширилиши ҳисобланади.

Бюрода алимент ундируви билан боғлиқ мурожаатларни камайтириш, алимент ундирувини, қарздорларни иш билан таъминлаш ва оилаларни яраштириш бўйича бир қатор тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.
Хусусан, моддий ёрдамга муҳтож вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахслар таъминоти учун алимент тўлашни таъминлаш, уларни қўллаб-қувватлаш тизимини янада кучайтириш ва алимент ундируви соҳасида юзага келган муаммоларни тегишли идоралар билан ҳамкорликда тезкорлик билан бартараф этиш мақсадида, вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси ва Бюронинг вилоят бошқармаси томонидан Қўшма фармойиш имзоланган.
Унга кўра, вояга етмаганларнинг алимент пулларини ҳисоблаш ва тўлаш устидан автоматлаштирилган тизимни йўлга қўйиш мақсадида, 14 минг 504 нафардан зиёд алимент ундирувчи ва тўловчиларнинг электрон реестри шакллантирилган.
Ўтган 2020 йилда ёрдамга муҳтож ва оғир аҳволга тушиб қолган қарздорларнинг манзилли рўйхати тузилиб, улар билан якка тартибда ишлаш олиб борилган.
Тадбирларда 3 минг 716 нафар алимент тўловчилар ишга жойлаштирилган. ҳамкор ташкилотлар, имом хатиблар ва оммавий ахборот воситалари ёрдамида тушунтириш ишлари олиб борилган.
Бунинг натижасида 19 минг 313 нафар бола таъминоти учун алимент ундирилиши белгиланган ижро ҳужжатлари асосида, 417 та ижро ҳужжати бўйича тарафлар ўзаро яраштирилиб, оилалар қайта тикланган. 9 минг 734 нафар қарздор даврий тўловларни мунтазам равишда тўлашмоқда. 24 тадан зиёд алимент ижро ҳужжатлари пул маблағи, уй-жой, автомашина ва бошқа шаклда қопланиб, болаларнинг вояга етгунига қадар таъминоти тўлиқ таъминланган. Алимент тўловчиларнинг 3 минг 487 нафари давлат ижрочиси томонидан талаб этилганда тўловни амалга оширади. 514 нафари оилавий шароити ёки моддий аҳволи жуда оғир, бир минг 191 нафари алимент қарздорлигини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келаётган қарздорлар ташкил этади.
Бошқарма органлари томонидан узоқ муддат давомида алимент тўловларини тўлашдан бўйин товлаб келган 258 нафар қарздорга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 474-моддасига асосан маъмурий судлар орқали жавобгарлик масаласи ҳал этилди. 22 нафар қарздорга нисбатан Жиноят Кодексининг 122-моддаси билан жиноят иши қўзғатилди.
Анжуманда иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларига соҳа мутахассисларидан жавоб олди.
Зариф Комилов,
ЎзА