Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 119 минг 900 гектар экин майдони шудгорланади
19:45 / 2021-12-06

Бухоро вилоятида келгуси йил ҳосили учун 119 минг 900 гектар экин ерини шудгорлаш ишлари давом этмоқда.

Шудгорлаш ишларига вилоятнинг барча туманларидан 552 та юқори унумли ҳайдов трактори жалб қилинган. Уларнинг ҳар бири билан бир кунда 8 гектар атрофидаги ер майдони шудгорланмоқда. Жорий йилнинг 3 декабрь ҳолатида вилоятда келгуси йил ҳосилига тайёрланган ер майдони амалда 104 минг 466 гектарга етказилган. 

Бу кўрсаткич айни пайтда умумий экин ерига нисбатан 87 фоизни ташкил этмоқда. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бир кунда вилоят миқёсида чуқур ҳайдашдан чиқарилаётган контур 3 минг 345 гектарни ташкил этмоқда. Шудгорлаш жараёнини пухта тайёргарлик билан ташкил этиш, техника ва механизмлар шайлиги баробарида эҳтиёт қисм таъминотига ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Вилоят миқёсида энг йирик экин майдони бугун Жондор тумани деҳқонларига тўғри келмоқда. Миришкорлар жорий мавсумда ҳам ўз тасарруфидаги жами 13 минг 659 гектар ерда чуқур шудгорлаш ишларини олиб бормоқда. Шу кеча – кундузда бу режа 85 фоиздан оширилиб, 11 минг 660 гектардан зиёд контур фермер хўжаликларининг элликдан ортиқ юқори унумли “CASE”, “Magnum”, “MX–1200», “Orion” каби хориж техникалари, қолаверса, бу агрегатлардан моҳирона фойдалана оладиган мутахассис ҳайдовчи-операторлар ёрдамида бемалол уддаланмоқда. 

Қиш чилласида «шўр ювиш»га тайёрлаб қўйилаётган мазкур экин ерларига шудгорлашдан аввал тонналаб маҳаллий ўғит киритилмоқда. Шудгорлашдан олдин ҳар гектар майдон тупроқ унумдорлиги ўрганилмоқда. Натижада 5 тонна ва ундан зиёдроқ маҳаллий ўғит киритилмоқда. Улар чуқур ҳайдалаётган тупроқ остига тушиб, ўзига хос дармондорига айланади.

Вобкентлик миришкорлар ҳам келгуси йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларидан бўшаган 12 минг 27 гектар ер майдонини сифатли шудгорлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Мазкур муҳим агротехник тадбир ҳудудда 50 та юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникаси ва мутахассислар кучи билан амалга оширилмоқда. 

Шу кеча-кундузда туманнинг «Халач» МФЙдан «Сатторов ортиқ бобо» фермер хўжалигида 75 гектар, «Хайробод» МФЙ даги «Сайфулло Жумаев» фермер хўжалигида 130 гектар, “ Хайробод» МФЙ даги «Маъруф Амин» фермер хўжалигининг 36 гектар ер майдонида амалга оширилаётган сифатли ва тезкор шудгорлаш ишлари бошқа хўжаликларга намуна қилиб кўрсатилмоқда.

Жорий мавсумда шофирконлик дала меҳнаткашларининг ҳам қўли-қўлига тегмайди. Биргина пахтачиликда бир неча йиллик қолоқликдан чиқиб, давлат шартнома режасини дадил адо этишга киришган туман миришкорлари айни кунда 12 минг 261 гектар экин ерининг 83 фоизини, яъни 10 минг 171 гектарини чуқур ҳайдовдан чиқарди. Бунинг учун ҳудудда ташкил этилган ўттизга яқин механизациялаштирилган отряд ва 52 та юқори унумли замонавий ҳайдов агрегати кучидан фойдаланилаётгани кутилган самарани бермоқда.

Назар Норов Ғиждувон туманида омилкор деҳқонлардан бири. У 15 йилдан буён раҳбарлик қилаётган «Қосим Назар» фермер хўжалиги об-ҳаво қандай келишидан қатъи назар, пахта етиштириш бўйича шартномавий режасини мутассил ошириб бажармоқда. Бу йилги деҳқончилик мавсумида ҳам қўлга киритилган ютуқлар ҳавас қиларлик.

Эрта баҳорда 40 гектар майдонда чигитни эрта ундириб, ғўза парваришини оби тобида олиб борган фермер хўжалиги жамоасининг ҳосили баракали бўлди. Миришкорларнинг туман хирмонига қўшган ҳиссаси 165 тоннага етди. Ҳосилдорлик 40 центнердан ошди. Муваффақият сири нимада, деган саволимизга Назар деҳқон шундай жавоб берди.

– Мўл ҳосил агротехник тадбирларга қатъий амал қилинишига боғлиқ. Бунда аввало экин ерини чуқур ва сифатли шудгорлаш муҳим аҳамиятга эга. Ахир, уни ҳосилнинг пойдевори дейдилар. Ҳосилдан бўшаган ер қанча эрта, агротехник тартиб-қоидасига мос ҳайдалса, экиш ва парвариш даври шунчалик самарали бўлади. 

Биз ҳосилни барвақт йиғиштириб олиб, майдонларни ғўзапоядан тозалаган ҳолда шудгорлашни саноқли кунларда тугатдик. Ишни тезкорликда олиб бориш учун техниканг бўлиши керак. Бу борада имкониятимиз етарли, техникамиз бор. Улардан қўшни фермер хўжаликлари ҳам ижара асосида фойдаланмоқда.

Ғиждувон туманида мавсумда 11 минг 665 гектар ер майдонини чуқур шудгорлаш ишлари якунланаётган бўлса, жараёнда элликдан ортиқ трактор кучидан фойдаланилмоқда. Контурларни шудгорлашда механизациялаштирилган отрядлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Фойдаланилаётган ҳайдов тракторлари иши икки сменада ташкил этилаётгани муваффақият гарови бўлмоқда. 

Муҳим агротехник тадбирни сифатли ва уюшқоқлик билан ўтказиш мақсадида кўчма пайвандлаш, темирчилик устахонаси, шунингдек, ёқилғи тарқатиш агрегати, кўчма дам олиш хонаси даланинг ўзида хизмат кўрсатиши таъминланмоқда. Малакали механизаторлар ва шудгорлаш тадбирида қатнашаётган ишчи-ходимлар дала бошида иссиқ овқат ва зарур воситалар билан таъминланмоқда. Худди шундай, шудгорлаш олдидан контурларни маҳаллий ўғит билан тўйинтириш муҳим аҳамиятга эга.

Зариф Комилов, ЎзА