Бухоро вилояти халқ таълими бошқармаси томонидан Вазирлар Маҳкамасининг 271-сонли “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари ўқувчиларини замонавий ягона мактаб формаси билан таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан 42 та корхона таъминотчи сифатида танлаб олинган.
–2022-2023 ўқув йилида вилоятдаги умумтаълим мактабларида таълим олиши кутилаётган 326 минг 526 нафар ўқувчининг оилавий ҳолати ўрганиб чиқилди, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафоева.
– Шундан 10 минг 932 нафар кам таъминланган, “Аёллар дафтари”, “Ёшлар дафтари”, “Темир дафтари” га киритилган оила фарзандлари учун мактаб формалари маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан таъминланади.
Айни пайтда жойларда таъминотчи корхоналар томонидан “Мактаб либослари ярмаркалари” ташкил этилмоқда. Ана шундай ярмаркалардан бири Бухоро шаҳридаги 1- ҳамда Когон шаҳридаги 9-умумтаълим мактабларида ташкил этилди.
Бунда белгиланган давлат стандартлари асосида тайёрланган либослар намойиш этилди. Бежирим кўриниш, юқори сифат ва ҳамёнбоп нархга эга бўлган либослар шу куниёқ ўз эгаларини топди.
Зариф Комилов, ЎзА