Бухорода 1 минг 700 та квартира қурилади
Бухоро вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида вилоятда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Бухоро вилояти ҳокимлигида Президентимизнинг 2019 йил 28 ноябрдаги “Ипотека кредити механизмларини такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони асосида вилоятда амалга оширилаётган ишлар таҳлил қилинди.
Йиғилишни вилоят ҳокими вазифасини вақтинча бажарувчи Фарҳод Умаров бошқарди.
Таъкидланишича, вилоятда жами 1 минг 700 та квартиралар қурилиши белгиланган. Шундан, 444 та (16 та 4 қаватли ва 2 та 5 қаватли) квартиралар “Қишлоқ қурилиш инвест” ИК МЧЖ буюртмачилигида, 216 та (4 та 7 қаватли) квартиралар “Ўзшаҳарқурилишинвест” ИК МЧЖ буюртмачилигида, 1040 та (шундан 17 та кўп қаватли 500 та квартира қишлоқ жойларида ва 14 та кўп қаватли 540 та квартиралар шаҳарларда) квартиралар янги тартиб асосида қурилади. Ҳозирги кунда қишлоқ жойларида қурилаётган 16 та 4 қаватли 384 та квартираларда охирги пардозлаш, сантехника ва электр монтаж қилиш ишлари тўлиқ якунланган, сантехника жиҳозларни ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда. Тузилган шартномаларга асосан уй-жойларни 2021 йил 1 февралида фойдаланишга топшириш белгиланган бўлсада, мазкур уй-жойлар жорий йилнинг 1 ноябрига қадар тўлиқ топширилади.
Шаҳар жойларида 540 хонадонли 14 та 7 қаватли уй-жойлар ва қишлоқ жойларида 500 хонадонли 17 та 5 қаватли уй-жойлар қурилиши ҳамда даромади юқори бўлмаган, шунингдек, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган оилалар, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар, мамлакатимиз ижтимоий ҳаётида фаол иштирок этаётган ёшлар ва шу тоифадаги 924 нафар фуқароларга субсидиялар ажратиш режалаштирилган. Бугунги кунга қадар уларнинг 793 тасига субсидия ажратиш бўйича комиссия томонидан ижобий қарор қабул қилинган. 35 нафар фуқарога 639 миллион сўм бошланғич бадал ва фоиз тўловларини тўлаб бериш учун субсидия ажратилган.
Мудофаа вазирлиги, Миллий гвардия ва Ички ишлар органлари ходимлари учун қурилиётган 2 та 5 қаватли 30 квартирали жами 60 та квартиралар жорий йилнинг 1 декабрига қадар фойдаланишга топширилади.
Йиғилишда шунингдек, вилоят иқтисодиёти тармоқлари, уй-жой фонди ва ижтимоий соҳа объектларини 2020/2021 йиллар куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш ҳамда мавсум давомида аҳолига кўмир ёқилғиси ва суюлтирилган газ етказиб бериш, истеъмолчиларнинг электр энергияси, табиий газ, ичимлик сувидан мавжуд дебитор қарздорликларни қисқартириш, табиий газ ҳамда электр энергиясини ҳисобга олиш ва автоматлаштирилган тизимини йўлга қўйиш мақсадида электрон ҳисоблагичларни ўрнатиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг бориши ҳам кенг муҳокама қилинди. Бу борада масъулларга тегишли топшириқ ва кўрсатмалар берилди.