Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухорода 1 минг 200 гектар майдонда соя ўсимлиги етиштирилмоқда
14:11 / 2022-05-10

Бухорода “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти томонидан хизмат кўрсатилаётган Қоракўл, Олот, Жондор ва Ромитан туманларида 1 минг 200 гектар майдонга соя ўсимлиги экиб деҳқончилик қилинмоқда.

Шу кеча кундузда олиб борилаётган мониторинг натижаларига кўра, Бухоро деҳқончилигида янгилик сифатида каттароқ майдонларга экилган соя ўсимлигининг ўсиш ва ривожланиши меъёр даражасида бўлиб, бугун уларда туганаклар ҳосил қилиш жараёни бошланди.

– Соя ўсимлиги ҳосилини баракали бўлишида биз кўпроқ фермерлар кучига ва илмига таянамиз, – дейди “Қоракўлдонмаҳсулотлари” акциядорлик жамияти бош мутахассиси Нуриддин Авезов. – Қолаверса, “Ўзагроинспекция” вилоят бошқармаси мутахассисларининг ҳам кўмаги бизга анча қўл келди. 

Ўтган йиллар кичик майдонларда олиб борилган тажрибалар шуни кўрсатмоқдаки, иссиқсевар ўсимликлар таркибига кирувчи соя ўзини ўзи чанглайди ва ноқулай об-ҳаво шароитига чидамлидир. Шу жиҳатдан олиб қараганда, Жондор туманида ҳам бу борада қўйилаётган қадамлар қутлуғ келмоқда.

Манбааларда келтирилишича, соя ўсимлиги экин майдони бўйича дунёда буғдой, шоли ва маккажўхоридан кейин тўртинчи ўринни эгаллайди. Мутахассисларнинг берган маълумотларига қараганда, унинг уруғи таркибида 18-24 фоиз ёғ, 35-45 фоиз қимматли оқсил, 30 фоиз углевод ва яна бошқа бир қатор витамин ҳамда аминокислоталар мавжуд.

Бухорода барча имкониятлар ишга солиниши натижасида тўлиқ гектарлардаги соя майсалари баравж ривожлантирилди. Мўл ва сифатли ҳосил учун мустаҳкам пойдевор яратилмоқда. Бу эса ўсимлик ёғи танқислигини олдини олишга ва бозорлар арзонлигини таъминлашга хизмат қилиши билан янада аҳамиятлидир.

Зариф Комилов,ЎзА