Бухоро вилоятда йўловчи ташиш фаолияти билан шуғулланувчи “Progress mega trans” корхонаси томонидан 24 та, шунингдек, “Miramax Tourist Trans” МЧЖ томонидан бир дона “Kinglong” компаниясида ишлаб чиқарилган автобус келтирилди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Бухоро вилоят ҳокими Ботир Зарипов, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ҳудуд фаоллари, нуронийлар, соҳа мутахассислари ва журналистлар иштирок этди.

Ушбу автобуслар йўловчилар учун қатор қулайликларга эга. Жумладан, автобус 30 нафар йўловчига мўлжалланган. Автобус салони тўлиқ кузатув камералари билан таъминланган. Автобус салони иситиш ва совутиш тизимлари билан жиҳозланган. Бундан ташқари, имконияти чекланган фуқароларнинг чиқиб тушиши учун зарур шароитлар яратилган.

Юқори даражадаги қулайликларга эга бўлган замонавий автобуслар тез орада Бухоро шаҳри йўналишларида қатновларни амалга ошириб, йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатишни бошлайди. Шу орқали Бухоро шаҳрида жамоат транспортининг сифат жиҳатидан янада яхшиланишига эришилади.
Маълумот учун, жорий йилнинг май ойида “Progress mega trans” корхонаси томонидан ХХРда ишлаб чиқарилган замонавий 12 дона “Zong tong” русумли автобуслар келтирилган эди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.