French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро яҳудийларининг минтақадаги ўрни тўғрисида анжуман
14:48 / 2026-02-25

Бухоро давлат университетида “Бухоро яҳудийлари: минтақанинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётида” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.

Конференцияда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Жонатан Хеник, Исроилнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Гидеон Лустиг, АҚШ ва Канаданинг Бухоро яҳудийлари Конгресси координатори, “The Bukharian Times” газетаси бош муҳаррири Рафаел Некталов, шунингдек, АҚШ, Канада, Европа ва Марказий Осиё мамлакатларидан келган таниқли олимлар, тарихчилар, этнографлар, йирик инвесторлар, туризм ва маданий ҳамкорлик соҳалари вакиллари иштирок этди.  

Тадбир давомида таъкидланганидек, мазкур конференция Бухоро яҳудийларининг кўп асрлик тарихи, ижтимоий ҳаёти, иқтисодий фаолияти, маънавий қадриятлари ва маданий анъаналарини чуқур илмий таҳлил қилишга қаратилган бўлиб, унинг асосий мақсади тарихий меросни сақлаш билан бирга, уни замонавий тараққиёт жараёнлари, глобал маданий интеграция ва цивилизацион мулоқот концепциялари билан уйғунлаштиришдан иборатдир.  

Бугун ЮНЕСКО томонидан эътироф этилган Бухоро тарихий маркази кўп асрлар давомида турли миллат ва дин вакилларининг ўзаро ҳурмат, бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик асосида яшаб келганининг ёрқин намунасидир. Ана шу тарихий маконда Бухоро яҳудийлари қолдирган синагогалар, маҳаллалар, савдо ҳудудлари, меъморий иншоотлар ва маданий анъаналар умуминсоний цивилизациянинг муҳим таркибий қисми сифатида қаралади. Улар нафақат маҳаллий тарих, балки бутун инсоният маданий меросининг ажралмас қисми сифатида алоҳида илмий қадриятга эга.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ, инсонпарвар ва адолатли сиёсат туфайли миллатлараро тотувлик, динлараро бағрикенглик, диаспоралар билан муносабатларни мустаҳкамлаш, тарихий меросни асраш ҳамда халқаро илмий ва маданий ҳамкорликни ривожлантириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Бу жараёнлар Бухоро яҳудийлари меросини чуқур илмий асосда ўрганиш, уни жаҳон илмий майдонига олиб чиқиш ва халқаро ҳамкорлик орқали кенг тарғиб этиш учун мустаҳкам ҳуқуқий ва маънавий замин яратмоқда.

Бухоро вилояти халқаро ҳамкорликни, айниқса Америка минтақалари билан алоқаларни фаол ривожлантириб бормоқда. Хусусан, Америка Қўшма Штатлари ва Канада бўйича Бухоро яҳудийлари конгресси билан илмий-тадқиқот, туризм, маданий алмашинув ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатлари янги босқичга чиқди. Шунингдек, Санта-Фе шаҳри билан биродарлик муносабатларининг йўлга қўйилиши маданият, маданий мерос, ҳунармандчилик, санъат, таълим ва туризм соҳаларида кенг кўламли ҳамкорлик имкониятларини очиб бермоқда.

[gallery-27852]

Жорий йилдан бошлаб Америка минтақаларидан минглаб сайёҳ ва инвесторларнинг Бухорога ташрифи кутилаётгани Ўзбекистон ташқи сиёсатининг очиқлиги, халқаро ишонч муҳитининг мустаҳкамланиб бораётгани ва амалий дипломатия самараларининг ёрқин ифодаси сифатида баҳоланмоқда.  

Конференция давомида Бухоро яҳудийларининг минтақа тараққиётидаги ўрни, уларнинг савдо-сотиқ, ҳунармандчилик, маърифат ва маданият соҳаларидаги ҳиссаси, ижтимоий-маданий алоқаларнинг тарихий илдизлари, шунингдек, миллатлараро ҳамжиҳатликнинг илмий-тарихий асослари юзасидан кенг қамровли маърузалар тақдим этилди.

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат),

ЎзА мухбирлари