Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро халқ таълими педагогларининг ўртача билим кўрсаткичи 60,5 фоиз, республикада 1-ўринда туради
22:47 / 2021-02-28

Бухорода халқ таълими тизимидаги ислоҳотлар ва бу ислоҳотлар доирасида амалга оширилаётган ишларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Анжуманда вилоят ҳокимининг таълим ва тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси, халқ таълими бошқармаси бошлиғи Дилфуза Мустафаева батафсил ахборот бериб ўтди.

Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ва “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тизимда улкан ислоҳотларни бошлаб, бажарилиши лозим бўлган вазифаларни аниқ белгилаб берди.

Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан мазкур ҳужжатлар доирасида аосий мақсадлар белгиланиб, самарали ишлар амалга оширилмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги 536 та умумтаълим мактабида 329 минг 787 нафар ўқувчи таҳсил олмоқда. Ўқув жараёнини 28 минг 575 нафар педагог олиб бормоқда. Педагогларнинг 26 минг 145 нафари, яъни 91,5 фоизи олий, 116 нафари (0.4%) тугалланмаган олий, 2 минг 314 нафари, яъни 8,1 фоизи ўрта махсус маълумотли. Ўқитувчиларнинг 1 минг 716 нафари (6%) (Республикада 1-ўринда) олий тоифали, 5 044 нафари (17.7%) биринчи тоифали, 8 461 нафари (29.6%) иккинчи тоифали, 10 924 нафари (38.2%) мутахассис тоифалидир.

Айни пайтда вилоят педагогларининг ўртача билими 60,5 фоизни ташкил этади. Бу кўрсаткич бўйича вилоят халқ таълими республикада 1-ўринда туради. Бу борадаги кўрсаткичларни янада ошириш мақсадида аниқ режалар белгилаб олинган. Ўқитувчилар узлуксиз малака ошириш курсларига йўналтирилиб, жорий йилда 7 минг 25 нафар педагогнинг малакаси оширилган. Бухоро давлат университети билан ҳамкорликда қисқа муддатли малака ошириш курслари ташкил этилиб, бунда барча педагогларнинг иштироки таъминланмоқда.

Халқ таълими вазирлиги ташаббуси билан халқаро тажрибалар асосида педагогларнинг салоҳиятини ошириш, таълим сифатини янада юксалтириш мақсадида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. Айни пайтда мазкур лойиҳалар доирасида Россиядан 2 нафар фан методисти ва 5 нафар малакали ўқитувчи ташриф буюрди. Икки нафар методист ҳудудий малака ошириш марказида, 5 нафар ўқитувчи Олот, Қоракўл, Ромитан, Шофиркон ва Ғиждувон туманларидаги мактабларда фаолият олиб бормоқда.

Таълим муассасаларида чет тилларининг ўқитилишига алоҳида эътибор қаратиб, чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги маълумотнома ва сертификатга эга бўлган ўқитувчилар сони (СЕFR ва бошқа) 11 фоиздан 16 фоизга оширилади. Бу борада “English Speaking Nation” дастури асосида вилоятга жалб қилинган икки нафар халқаро эксперт билан ҳамкорликда ишлар олиб борилмоқда.

Вилоят таълими мамлакатда етакчи ўринга эга. Қоракўл Халқаро математика мактаби қатор йиллардан буён халқаро ва жаҳон фан олимпиадаларидаги ютуқлари билан Ўзбекистон шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб келмоқда. Бугун Қоракўл халқаро математика мактаби нафақат вилоятда балки, бутун республикамизда ўқувчиларга чуқур билим бериш бўйича “Маҳорат мактаби” вазифасини ўтамоқда.

2020 йилда вилоятда математика фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 4 та, кимё ва биология фанларига ихтисослаштирилган 3 та, информатика ва ахборот технологиялари фанини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган 1 та мактаб фаолият бошлади. Пешкў тумани ҳудудидаги 4-умумий ўрта таълим мактаби негизида табиий фанларга ихтисослаштирилган мактаб ташкил этилди. 2021-2022 ўқув йилидан бошлаб яна 6 та математика, 4 та кимё-биология, 5 та информатика ва ахборот технологияларини чуқурлаштириб ўқитишга ихтисослаштирилган мактаблар ташкил этилади.

2020 йилда 25 минг 413 нафар мактаб битирувчиларидан 6 минг 669 нафари турли ОТМси талабасига айланди. Бу битирувчиларнинг 26 фоизини ташкил этмоқда. Натижалар салмоғини янада юксалтириш мақсадида ОТМ – МАКТАБ ҳамкорлик лойиҳаси асосида битирувчиларни олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичлари бўйича паст натижага эришган вилоятдаги 20 та умумтаълим мактаби олий таълим муассасаларига бириктирилди. Бухоро давлат университети томонидан вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда 4 та мактабда фанларни чуқурлаштириб ўқитиш бўйича махсус гуруҳлар ташкил этилди.

Вилоятда “Бир миллион ўзбек дастурчиси” лойиҳаси доирасида uzbekcoders.uz порталидан рўйхатдан ўтганлар сони 7 минг 97 нафарни ташкил этмоқда. Уларнинг 2 минг 170 нафари иштирокчи сертификатига эга бўлган. 1 минг 269 нафари битирувчи сертификатини қўлга киритган. Лойиҳа доирасида ўтказилган танлов натижаларига кўра, вилоят ўқитувчиларининг 7 нафари ТОП-100 рўйхатидан ўрин олган. 8 нафар мактаб ўқувчиси лойиҳа совриндорлари сифатида 3 миллиондан 6 миллионгача пул маблағларини қўлга киритган.

Мактабларнинг моддий техник базасини мустаҳкамлаш ва инфратузилмасини яхшилаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жорий йилда вилоятда инвестиция дастурлари асосида 18 та, маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 6 та мактабда қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган. Шунингдек, Бухорода Президент мактаби фаолияти йўлга қўйилади. Математика, ахборот технологиялари, кимё-биология ва физикага ихтисослашган 16 та мактаб ташкил этилади.

Матбуот анжуманида оммавий ахборот воситалари ходимлари, мустақил журналист, блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга соҳа мутасаддиларидан атрофлича жавоб олди.

[gallery-1317]

Зариф Комилов,  Тоҳир Истатов (сурат), ЎзА