Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилоятида инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда
14:55 / 2023-03-17

Бухоро вилоятида АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» молиявий кўмагида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳаларининг амалий натижалари билан танишиш мақсадида пресс-тур ташкил этилди.

Вилоятда АТБ «Қишлоқ қурилиш банк»нинг 3 та банк хизматлари офиси, 6 та банк хизматлари маркази ҳамда 3 та ипотека шўба маркази фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, 22 та чакана амалиёт кассаси ва валюта айирбошлаш шохобчалари мавжуд бўлиб, улар орқали вилоятда жами 113 минг 628 нафар жисмоний ҳамда 6 минг 785 юридик шахсга хизмат кўрсатилмоқда. Банк мижозлари йил сайин ортмоқда.  

Ўтган йил давомида асосан чакана хизматларни ривожлантиришга эътибор қаратилган. 18 мингга яқин банк пластик карточкаси тарқатилган. Банк пластик карточкаларидан фойдаланаётган мижозларнинг умумий сони 68 мингдан ортган.  

Банкнинг асосий ресурс манбаи омонат ҳисобланиб, банк томонидан жисмоний шахсларни омонатга жалб қилиш борасида тизимли ишлар йўлга қўйилган. Жозибадор омонат турлари татбиқ этилгач, омонатлар миқдори ошган. 2021 йилга нисбатан 2022 йилда омонатлар миқдори қарийб 2,5 баробарга ошган. Бу эса аҳолининг банкка нисбатан ишончи ортганини англатади. 

Пресс-тур доирасида вилоятдаги банк тузилмалари эришаётган иқтисодий кўрсаткичлар ҳақида маълумот берилди. Хусусан, жорий қилинаётган янги хизматлар ва мижозлар учун яратилган шароитлар билан атрофлича таништирилди. Кўрилаётган чоралар натижасида хизматлар кўлами кенгайиб, банк мижозлари сони муттасил ошиб бораётгани қайд этилди.  

Пресс-тур доирасида матбуот анжумани ўтказилиб, банк фаолиятининг 2022 йилдаги асосий кўрсаткичлари ҳақида батафсил маълумот берилди.  

Пресс-тур дастурига мувофиқ, Когон шаҳридаги «Акбаржон Баракат» МЧЖ томонидан амалга оширилган дон маҳсулотларини қайта ишлаш ва ун ишлаб чиқариш лойиҳаси билан танишилди.  

Таъкидланишича, «Акбаржон Баракат» МЧЖ Бухоро вилояти Когон туманидаги йирик озиқ-овқат саноати корхоналаридан бири ҳисобланади. Корхона томонидан вилоят аҳолисига ун маҳсулотлари етказиб берилмоқда.  

– Бир йилда 36 минг тонна буғдойни қайта ишлаймиз, – дейди МЧЖ раҳбари Амирбек Бозоров. – Тез орада 200 тонна буғдойни қайта ишлаб чиқариб, ун маҳсулотларини тайёрлаш борасида ишлар олиб боряпмиз. Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун АТБ «Қишлоқ қурилиш банк» молиявий кўмагидан фойдаландик. Банк бизга 3 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит ажратди.  

Хулоса қилиб айтганда, банк томонидан амалга оширилаётган истиқболли лойиҳалар аҳоли турмуш фаровонлиги ошишига, вилоят иқтисодиёти ривожланишига хизмат қилмоқда.  

<iframe width="640" height="360" src="https://www.youtube.com/embed/E8HROfjrOdg" title="Бухоро вилоятида инвестицион лойиҳалар амалга оширилмоқда" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>

Шаҳноза Маматуропова,  

ЎзА