Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилоятида ҳам хотин-қизлар шарафланди
17:46 / 2023-03-06

Бухорода 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан тантанали тадбир бўлиб ўтди. Унда вилоятнинг барча шаҳар ва туманларидан келган нуроний онахонлар, жамият ҳаётида фаол иштирок этаётган хотин-қизлар жам бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокими Ботир Зарипов вилоят хотин-қизларини байрам билан қутлади. Таъкидланганидек, халқимиз азал-азалдан Она сиймосини, Аёл зотини Яратганнинг улуғ неъмати, тенгсиз мўъжизаси, деб билади, уни ҳамиша ардоқлаб-асраб яшайди. Биргина вилоятимиз ҳудудидаги “Қизбиби”, “Биби Орифа”, “Жўйбори Калон”, “Модарихон”, “Биби Саида” мажмуаси каби табаррук меъморий обидалар ҳам ана шундай азалий юксак эътибор ва эҳтиромдан далолат беради.  

Айни пайтда биз инсоният тараққиётига унутилмас ва беқиёс ҳисса қўшган Ибн Сино, Баҳоуддин Нақшбанд, Амир Темур каби буюк аждодларимизни дунёга келтириб, меҳр билан тарбиялаган, уларни улуғвор ишларга руҳлантириб, камарбаста бўлган Биби Ситора, Биби Орифа, Тегинабегим каби бухоролик фозила оналаримиз билан албатта фахрланамиз.  

Зеро, Президентимиз таъкидлаганларидек, “ҳар қандай жамият ва давлатнинг қай даражада халқпарвар ҳамда адолатли экани унинг хотин-қизларга бўлган муносабати ва ғамхўрлиги билан белгиланади”.  

Халқимизни рози қилишдек олий мақсадга эришиш учун хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий фаоллигини ошириш Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг муҳим йўналишларидан бирига айланди.  

“Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди” деган эзгу тамойил асосида, 2022 йилда вилоятда 27 мингга яқин хотин-қизларга ижтимоий-иқтисодий, тиббий, ҳуқуқий ва психологик ёрдамлар кўрсатилди. Хусусан, 711 нафар аёлларга уй-жой харид қилиш учун имтиёзли кредитлар ажратилди. Боқувчисини йўқотган аёлларнинг фарзандлари учун боғча харажатлари бюджетдан қопланди. 4 минг нафар аёлларга шахсий ва дала томорқасида енгил типдаги иссиқхона қурилиши учун 50 миллиард сўм миқдорида субсидиялар ажратилди. Шунингдек, 77 минг 754 нафар аёллар бандлиги таъминланди.  

Бухоро шаҳрида оғир ижтимоий аҳволдаги, уй-жойсиз хотин-қизлар учун 400 ўринли замонавий типдаги ижтимоий ётоқхона фойдаланишга топширилди. Бундан ташқари, вилоятимиз бўйича айни вақтга қадар 982 нафар ижтимоий шароити оғир хотин-қизларнинг уй-жойлари таъмирлаб берилди. Фақатгина 2022 йилнинг ўзида хотин-қизлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш мақсадида 414 миллиард сўмга яқин кредит ва субсидиялар ажратилди. Натижада 20 мингдан ортиқ опа-сингилларимиз доимий иш ва даромадга эга бўлди. 

 [gallery-10853]

Шунингдек, 2022 йилда эҳтиёжманд оилаларга мансуб 112 нафар қизлар олийгоҳларга давлат гранти асосида қабул қилинди, 150 нафар талаба қизларга шартнома пуллари тўлаб берилди.  

Давлатимиз раҳбарининг аёл-қизларни илмий соҳадаги интилишларини қўллаб-қувватлаш борасидаги ташаббуслари натижасида жорий ўқув йилида тарихда биринчи маротаба магистратурага ўқишга кирган барча 200 нафарга яқин қизлар давлат гранти асосида қабул қилинди. Ҳар қандай халқнинг етуклик даражасини аввало, аёлларнинг илмий-маданий камолоти белгилаб бериши, оқила ва ўқимишли оналар миллатнинг буюк келажагини яратишлари ҳаммамизга яхши аён. Айни пайтда Олий Мажлис Сенатида 1 нафар, Қонунчилик палатасида 3 нафар, маҳаллий Кенгашларимизда эса 104 нафар вилоятимиз аёллари депутат сифатида фаолият кўрсатмоқда.  

Бундан ташқари, вилоятимизда 200 нафардан зиёд хотин-қизлар турли раҳбарлик лавозимларида ишлаб келмоқда. Улар вакиллик органлари, ижро ҳокимияти, суд-ҳуқуқ соҳаси, маҳаллий ва ўзини ўзи бошқариш тизимлари, нодавлат ташкилотлари ҳамда тадбиркорликда қўйингки, ижтимоий-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида катта кучдир.  

–Шу билан бирга, вилоят, барча шаҳар ва туманлардаги жамоатчиликка, аввало, ёшларга тарбиявий таъсир кўрсата оладиган, обрў-эътиборли аёлларни ўз сафида бирлаштирган “Оқила аёллар” ҳаракати бугун том маънода жамиятимиз овозига, маҳалла виждонига айланди, – деди вилоят ҳокими Ботир Зарипов.  

Кейинги йилларда Ватанимиз номини, шаъни ва ғурурини дунё миқёсида кўтараётган, таълим, фан, санъат, маданият, спорт каби турли йўналишларда ўз изланишларини олиб бораётган фаол аёлларимиз ва иқтидорли қизларимиз сони тобора кўпаймоқда. Уларнинг меҳнатлари муносиб баҳоланиб, давлатимизнинг юксак даражадаги орден ва медаллари  билан тақдирланди.  

2018 йилнинг 2 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишонини таъсис этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган эди. Ҳужжатга кўра, “Мўътабар аёл” кўкрак нишони 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни арафасида жамият ва давлат ҳаётида фаоллик ва ташаббускорлик кўрсатган, ўзининг самарали меҳнати билан оиланинг шаклланишига ва фаровонлиги мустаҳкамланишига, оналик ва болалик муҳофазасига муносиб ҳисса қўшган жойларда маънавий-ахлоқий муҳитни соғломлаштириш ва миллий қадриятларимизни кенг тарғиб этиш борасида ибратли фаолият олиб бораётган хотин-қизларга топширилиши кўзда тутилган.  

Мазкур мукофотга бу йил вилоятдан 17 нафар хотин-қизлар муносиб кўрилди. Тадбирда мукофотлар эгаларига вилоят ҳокими томонидан тантанали равишда топширилди.  

Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА