Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
13:39 / 2026-03-09

Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Халқ депутатлари Бухоро шаҳар Кенгаши депутати, “Акбаржон Барака” МЧЖ таъсисчиси Нодир Ҳамдамов эҳтиёжманд, ногиронлиги бўлган ҳамда ижтимоий қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ҳолидан хабар олди.

Депутат ўз сайлов округида жойлашган М.Таробий ҳамда Б.Нақшбанд номидаги маҳалла фуқаролар йиғинларида истиқомат қилаётган аёлларни байрам билан самимий муборакбод этди. Уларга моддий моддий ёрдамлар кўрсатилди.

Депутат томонидан қарийб 30 нафарга яқин нафосат соҳибалари ҳолидан хабар олиниб, уларга байрамона совғалар ва моддий ёрдамлар топширилди.

***

Когон тумани ҳудудидан ўтувчи халқаро аҳамиятга эга А–380 автомобиль йўли атрофида  кенг кўламли дарахт экиш ишлари амалга оширилди. Йўл бўйларига манзарали ва экологик жиҳатдан фойдали бўлган ясин, каталпа ҳамда қайрағоч каби дарахт кўчатлари ўтқазилди. Мазкур дарахтлар келгусида йўл атрофида яшил ҳудудларни кенгайтириш, чанг ва шовқин таъсирини камайтириш, ҳавони тозалаш билан бирга, ҳайдовчилар ва йўловчилар учун янада қулай ҳамда эстетик муҳит яратишга хизмат қилади.

Дарахт экиш тадбирида Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг ўринбосари Жусипбек Казбеков, вилоят экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси бошлиғи Жасурбек Абдуллаев, Когон тумани ҳокими Отабек Қозоқов, шунингдек, Ўзбекистон Экологик партияси вилоят ташкилоти вакиллари  иштирок этди.

Маълум қилинишича, вилоятда жорий йил баҳор мавсумида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида жами 5 миллион 948 минг туп дарахт кўчатларини экиш режалаштирилган. Шунингдек, саноат ривожланган ҳудуд ҳисобланган Когон туманида корхоналар атрофида махсус яшил белбоғлар ташкил этиш мақсадида 21 минг туп дарахт ва бута кўчатлари экиш белгиланган.

***

Бухоро вилоят қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси томонидан ҳудудларда коммунал хизматлардан қонуний ва самарали фойдаланиш ҳолатларини ўрганиш, ноқонуний уланишларни аниқлаш ҳамда қонунбузилишларни бартараф этишга қаратилган назорат тадбирлари мунтазам равишда олиб борилмоқда.

Навбатдаги ўрганиш ишлари давомида Бухоро шаҳридаги “Собир Раҳимов” маҳалла фуқаролар йиғини, Ибн Сино кўчасида жойлашган фуқаро И.К.га тегишли бинода ноқонуний сув уланиши ҳолати аниқланди. Хусусан, бинога кириш қисмида ташқи диаметри 63 мм (ички диаметри 46 мм) бўлган полипропилен сув қувури орқали марказий ичимлик суви тармоғига ўзбошимчалик билан уланиш амалга оширилгани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 июлдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарорининг 2-иловаси 87-б банди талабларига асосан қайта ҳисоб-китоб ишлари амалга оширилди. Натижада фуқаро томонидан ноқонуний равишда ичимлик сувидан фойдаланиш оқибатида коммунал хизмат кўрсатувчи ташкилотга 113 миллион 34 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Фуқарога нисбатан қонунчиликда белгиланган чораларни кўриш мақсадида ҳужжатлар тайёрланди. Материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Зариф Комилов, ЎзА мухбири