Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
11:06 / 2025-09-30

Бухоро давлат педагогика институтида шаффофликни таъминлаш, ҳалоллик муҳитини кучайтириш ва коррупция ҳолатларига қарши самарали курашиш мақсадида барча факультетларда “МИНБАР” ташкил этилди.

Ушбу ташаббус институт раҳбарияти томонидан ёшларга адолат ва ҳалоллик тамойилларини сингдириш, шунингдек, коррупция ҳолатларини барвақт аниқлаш ва олдини олиш йўлида муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.

– Эндиликда ҳар бир факультетда ўрнатилган махсус минбар орқали талабалар, профессор-ўқитувчилар ҳамда ходимлар дуч келган коррупцион вазиятлар, суиистеъмол ҳолатлари ёки шубҳали жараёнлар ҳақида бевосита ва ишончли тарзда ахборот қолдириш имкониятига эга бўлди.

“МИНБАР” тизими очиқлик ва шаффофлик сиёсатини мустаҳкамлаш билан бирга, институтда ҳалоллик муҳитини тарғиб қилиш, ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда талабалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган. Институт раҳбарияти барчани фаол фуқаролик позициясини намоён этиб, коррупцияга қарши курашда бефарқ бўлмасликка чақиради, – дейди институти ректори Баҳодир Маъмуров.

* * *

Бухоро вилояти Ғиждувон тумани “Жовгари” маҳалла фуқаролар йиғини замонавий андозадаги янги биноси фойдаланишга топширилди. Тадбирда туман ҳамда маҳалла масъуллари, жамоатчилик вакиллари иштирок этди. 

Жовгари маҳалласида 1010 та хонадонда 6 мингдан ортиқ аҳоли вакиллари истиқомат қилади. Маҳалла маркази “Ислом тараққиёти банки” маблағлари ҳисобидан умумий қиймати 4 миллиард 700 миллион сўм қийматидаги лойиҳага асосланиб барпо этилди. Қурилиш ишларини маҳаллий пудратчи субъект “Ғиждувон стандарт қурилиш сервис” МЧЖ бинокорлари амалга оширди.

Уч қаватдан иборат янги бино 21 та хонадан иборат бўлиб, унда маҳалла штаби, кутубхона, аёллар ва эркаклар салони, савдо дўкони, хорижий тил курси, спорт хонаси, тикувчилик маркази, ёшлар ва нуронийлар учун алоҳида хоналар ташкил этилди.  

                                                                                     * * *                                                                      

Бухоро вилояти Олот тумани Экология бўлими инспекторлари ҳамда туман Ички ишлар бўлими томонидан “Киртай” маҳалла фуқаролар йиғини чўл ҳудудида навбатдаги рейд тадбири ўтказилди. 

Унда Олот туманида яшовчи фуқаро И.М. чўл ҳудудидан табиий ҳолатда ўсган саксовул ўсимликларини ўзига тегишли бўлган УАЗ юк автомашинаси орқали ноқонуний тарзда олиб кетаётганлиги аниқланди.

Ҳолат юзасидан ҳуқуқбузарга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 79-модда 1-қисмига асосан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, 10 300 000 сўм жарима, ҳамда табиатга етказилган зарар 20 188 000 сўм қўлланилди. 

* * *

Шунингдек, вилоят Экология бошқармаси Шофиркон тумани бўлими ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги назорат-рейд давомида туманнинг чўл ҳудудидан саксовул ўсимлигини ноқонуний равишда кесиб, олиб кетаётган “Форд” русумли автомашина тўхтатилди.

Текширув натижасида автомашина ичида бўлган 3 нафар фуқаро саксовул ўсимлигини ноқонуний ташиб кетиш ҳолати аниқланган. Туман Экология бўлими ходимлари автомашинани белгиланган тартибда жарима майдончасига олиб бориш бўйича қонуний талаб қўйган бўлса-да, инспекторларнинг қонуний талабига бўйсунмаган, воқеа жойидан қочишга уринган ҳамда фаол қаршилик кўрсатган.

Мазкур ҳолат юзасидан Бухоро вилояти Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси томонидан Шофиркон тумани ИИБга қонуний чора кўриш учун расмий билдириш хати юборилди.

Натижада ушбу ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича Шофиркон тумани Жиноят ишлари бўйича суд раиси томонидан кўриб чиқилди. Фуқаро А.Солиевга 10 сутка маъмурий қамоқ жазоси қўлланилди. Шунингдек, қолган 2 нафар фуқаронинг ҳар бирига 10 миллион 300 минг сўмдан жарима ҳамда табиатга етказилган зарар 10 миллион 766 минг сўмдан ҳисобланди.

Зариф Комилов, ЎзА