French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Бухоро вилояти хабарлари – қисқа сатрларда
15:45 / 2025-09-22

Бугунги кунда йўлларда ҳаракат хавфсизлигини таъминлаш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарбдир.

Бухоро вилояти Олот тумани “Халифа” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Кулоллар кўчасида жойлашган “Халифа Жоме” масжиди яқинидаги йўлнинг кескин бурилиш нуқтасида замонавий қавариқ йўл ойнаси ўрнатилди. Бу ойнанинг ўрнатилиши натижасида ушбу хавфли бурилишда ҳаракатланаётган ҳайдовчилар қарама-қарши томондан келаётган транспорт воситаларини олдиндан кўриш имконига эга бўлади.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоиз, бу лойиҳа фақат бир ҳудуд билан чекланиб қолмайди. Режага кўра, туманнинг бошқа хавфли бурилиш, кўриниш чекланган кесишмаларида ҳам шундай қавариқ йўл ойналарини ўрнатиш ишлари босқичма-босқич йўлга қўйилади. 

***

Халқ депутатлари Бухоро вилояти Кенгашининг қарори ижросини таъминлаш мақсадида, халқ депутатлари Ғиждувон тумани Кенгаши фаолияти ўрганилди.

Ўрганиш давомида туман Кенгаши фаолиятининг намунавий ташкил этилиши бўйича зарур шарт-шароитларнинг яратилганлиги ҳамда моддий-техник базаси ҳолати Олий Мажлиси Сенати томонидан белгиланган мезонлар асосида ҳар томонлама таҳлил қилинди.

Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши раиси Жамол Ашуровнинг аҳолига оид тематик учрашувлари режаси доирасида Ғиждувон тумани Кенгаши ҳузуридаги Ёшлар маслаҳат гуруҳи аъзолари ҳамда фаол ёшлар билан очиқ ва самимий мулоқот ташкил этилди.

Тадбирда ёшлар учун яратилаётган кенг имкониятлар, давлатимиз раҳбарияти томонидан илгари сурилаётган “Ёшлар сиёсати”даги устувор йўналишлар ҳақида атрофлича сўз юритилди.

***

Бухорода 20 сентябрь – Бутунжаҳон тозалик куни муносабати билан “Ҳаёт учун жой ажратинг” шиори остида  “Сомонийлар” истироҳат боғида экологик акция ўтказилди.

Акция доирасида вилоят Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги вилоят бошқармаси томонидан истироҳат боғ чиқиндилардан тозаланди. Унда Олий таълим муассасаси талабалари, Бухоро вилояти Ёш экологлар ҳаракати аъзолари,  “Махсусавтохўжалик” МЧЖ  ва тизим ташкилотлари иштирок этди.

Мусобақа тарзида ўтказилган “Плоггинг” лойиҳаси доирасида иштирокчилар учта гуруҳга бўлиниб, 500 килограммдан ортиқ чиқиндиларни йиғди. Фаол иштирок этган гуруҳларга эсдалик совғалар ва ташаккурнома топширилди.

***

Самарқандлик мактаб директорлари ўзаро тажриба алмашиш мақсадида Бухорода бўлди. Меҳмонлар ал-Хоразмий номидаги ихтисослаштирилган мактабининг Бухоро филиалида бўлди. Улар бу ерда яратиб берилган замонавий ва муносиб шарт-шароитлар билан яқиндан танишди. Шунингдек, меҳмонлар Қоракўл ихтисослаштирилган мактаб-интернатида ҳам бўлди. 

Устозлар таълим сифатини янада оширишга қаратилган тажрибалар, ўзига хос ёндашувлар ва амалий лойиҳалар бўйича ўзаро фикр ва таклифлар билан қатнашди. Жараёнда Бухоро вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси бошлиғи Ҳамза Эллиев иштирок этди. Бундай учрашувлар таълим сифатини ошириш, масъуллар фаолиятини мувофиқлаштириш ва тизимдаги мавжуд муаммоларни бартараф этишда муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

***

Табиий газдан тўғри фойдаланишни таъминлаш ва ноқонуний ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятда газ таъминоти ходимлари томонидан тушунтиришлар ҳамда рейд тадбирлари ўтказилмоқда. 

“Ҳудудгаз Бухоро” филиали ва ҳудудий бўлимлар, комплайенс назорат тузилмалари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан биргаликда кенг қамровли рейдлар чоғида Шофиркон тумани “Қалмақон” маҳалла фуқаролар йиғинида жойлашган хусусий клиникада газ қувурига резина шланг орқали яширин уланиш ҳолати аниқланган. Тегишли ҳолат бўйича баённома тузилиб, қайта ҳисоб-китоб олиб борилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 255 миллион 499 минг сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди. Ҳолат бўйича барча ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга топширилди.

Зариф Комилов, ЎзА