Инсонпарварлик, меҳр-оқибат ва саховат қадриятларини мустаҳкамлаш мақсадида Бухоро вилоят божхона бошқармаси томонидан яна бир ташаббус амалга оширилди. Бу галги хайрли ишлар онкогематологик касалликлар билан курашаётган кичкинтойларга далда бериш, уларнинг қалбида қувонч ва умид учқунини янада уйғотишга қаратилди.
Бошқарма ходимлари Бухоро вилоят болалар шифохонасининг онкология бўлимида бўлиб, бу ерда даволанаётган болажонлар билан бевосита суҳбатлашди. Самимий мулоқотлар давомида уларнинг кўнгли кўтарилиб, меҳрга тўла илиқ сўзлар билан руҳлантирилди. Шунингдек, кичкинтойларга турли ўйинчоқлар, китоблар ва эсдалик совғалар тақдим этилди.

Мазкур ташаббус нафақат болажонлар қалбига қувонч бағишлади, балки уларнинг ота-оналарига ҳам катта руҳий далда бўлди.
***
Бухорода Республика ошпазлар уюшмаси, вилоят ҳокимлиги ва туризм бошқармаси ҳамкорлигида соҳа мутахассисларини жалб қилган ҳолда умумий овқатланиш шохобчалари мутахассислари малакасини ошириш ҳамда кўрсатиладиган хизматлар сифатини яхшилаш мақсадида семинар ташкил этилди.
Семинарда вилоятдаги хорижий ва маҳаллий сайёҳларга хизмат кўрсатувчи умумий овқатланиш шохобчалари менежерлари ва мутахассислари, Ўзбекистон Ошпазлар уюшмаси вилоят вакиллиги раҳбари ва аъзолари ҳамда Бухоро вилоят туризм ва маданий мерос техникумининг умумий овқатланиш хизматларини ташкил этиш йўналиши битирувчи курс талабалари иштирок этди.

Сайёҳларга хизмат кўрсатиш ва сервис даражасини янада яхшилаш, шунингдек, юртимиз гастрономиясини кенг тарғиб қилиш бўйича маҳорат дарслари бўлиб ўтди.
Семинар якунида фаол иштирок этган қатнашчиларга тегишли сертификатлар топширилди.
***
“Ўзэнергоинспекция” Бухоро вилояти ҳудудий бошқармаси ва газ таъминоти корхонаси ҳамкорлигида назорат тадбири ўтказилди.
Натижада Бухоро шаҳрида “T.F.T.” МЧЖга қарашли ошхонанинг газ ҳисоблагичига ташқи таъсир кўрсатилиб, табиий газдан ноқонуний фойдаланилганлиги аниқланди.

Ушбу қоидабузарлик натижасида дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, газ таъминоти корхонасига 540 миллион сўмлик зарар етказилганлиги маълум бўлди.
Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири